Лионел Месси Барселонанинг чемпионлиги муносабати билан табрик йўллади

Лионел Месси ўзининг собиқ жамоаси Барселона кетма-кет иккинчи бор Испания чемпионлигини қўлга киритганидан сўнг, ижтимоий тармоқлар орқали ўзининг самимий табригини йўллади. Интер Маями сафида тўп сураётган аргентиналик афсона Spotify Камп Ноу стадионида Реал Мадрид устидан қозонилган тарихий ғалабадан сўнг, Instagram саҳифасида "Кампеонес!!! Виска эл Барка!!!" дея ёзиб, каталониялик мухлисларни хушнуд этди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Ханси Флик шогирдлари учун бу ғалаба ўзгача аҳамият касб этди. Маркус Рэшфорд ва Ферран Торреснинг голлари эвазига эришилган 2:0 ҳисобидаги ғалаба Барселонага муддатидан аввал чемпионликни тақдим этди. Бу натижа орқали каталонияликлар турнир жадвалида Реал Мадрид билан бўлган фарқни 14 очкога етказиб, ўзаро ўйинлардаги умумий ғалабалар сонини ҳам тенглаштириб олишди.
Учрашув Ханси Флик учун оғир кечди. Ўйин бошланишидан олдин мураббийнинг отаси вафот этгани маълум бўлди, бироқ немис мутахассиси жамоани тарк этмай, ўз вазифасини муносиб бажарди. Футболчилар мураббийнинг бу жасоратига муносиб жавоб қайтариб, унга Барселонадаги иккинчи чемпионлик совринини тақдим этишди.
Айни дамда Реал Мадрид лагерида эса инқирозли вазият кузатилмоқда. Мавсум давомида барқарор ўйин кўрсата олмаган ва ички низолар билан курашган Мадрид клуби, ушбу мағлубиятдан сўнг мавсумни қийинчилик билан якунламоқда.













