Винисиус Жуниор Барселона мухлисларига Чемпионлар лигасидаги устунликни эслатди

Испания чемпионати доирасидаги навбатдаги Эл-Класико Реал Мадрид учун омадсиз якунланди. Барселона ўз майдонида рақибини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, Ла Лига чемпионлигини муддатидан аввал расмийлаштирди ва кетма-кет иккинчи мавсум совринни қўлга киритди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Ўйин давомида мезбон мухлислар Винисиус Жуниорга нисбатан босим ўтказиб, ҳар сафар тўпга текканида уни ҳуштаклар билан кутиб олишди. Бразилиялик ҳужумчи эса бунга жавобан трибуналар қаршисида ўзига хос имо-ишора қилди.
Винисиус бир қўли билан "бир", иккинчиси билан "беш" рақамини кўрсатиб, Реал Мадриднинг Чемпионлар лигасидаги 15 та ғалабаси ва Барселонанинг 5 та соврини ўртасидаги фарқни эслатиб ўтди. Бу ҳаракат орқали футболчи жамоаси мағлуб бўлаётганига қарамай, Мадрид клубининг Европадаги тарихий нуфузини ҳимоя қилишга уринди.
Ханси Флик бошчилигидаги Барселона ушбу ғалаба билан ички чемпионатдаги устунлигини яна бир бор намойиш этди. Реал Мадрид эса бу мавсумда чемпионлик пойгасида рақибидан ортда қолган бўлса-да, Винисиуснинг бу қилиғи Эл-Класико тарихидаги кескин қарама-қаршиликларга янги тус қўшди.













