Килиан Мбаппе "Реал"даги янги мақоми ҳақида гапирди...

Килиан Мбаппе "Реал"даги янги мақоми ҳақида гапирди...

Мадриднинг “Реал” клуби ҳужумчиси Килиан Мбаппе Испания чемпионатининг 36-турида “Овьедо”га қарши ўтган учрашувдан кейин жамоадаги ҳозирги ҳолати ҳақида фикр билдирди. “Қироллик клуби” мазкур баҳсда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди, француз юлдуз эса захирадан майдонга тушиб, голли узатма амалга оширди.

Мбаппе учрашувнинг 69-дақиқасида ўйинга қўшилди. У асосий таркибда майдонга тушишга тайёр бўлганини яширмади, аммо бош мураббий Алваро Арбелоа унга ҳозирча ҳужум чизиғида тўртинчи танлов эканини айтганини маълум қилди.

“Аслида асосий таркибда майдонга тушишга тайёр эдим, аммо Арбелоа менга ҳозир мен жамоада тўртинчи ҳужумчи эканимни айтди. Ҳечқиси йўқ, мураббий қарорларини қабул қилиш керак. Мен янада қаттиқроқ ишлайман”, — деди Мбаппе.

Франциялик ҳужумчининг бу сўзлари футбол жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди. Чунки Мбаппе каби юлдуз футболчининг “Реал”да захирадан майдонга тушиши ва ўзини тўртинчи ҳужумчи сифатида тилга олиши, албатта, оддий ҳолат эмас.

Шунга қарамай, Мбаппенинг жавоби анча профессионал ва хотиржам руҳда бўлди. У мураббий қарорига ҳурмат билан қарашини, асосий таркибдаги ўрни учун янада кўпроқ меҳнат қилишини таъкидлади. Катта клубда рақобат ҳар доим юқори бўлади, “Реал”да эса бу рақобат янада қаттиқроқ.

Журналист Фабрицио Романо Мбаппенинг ушбу изоҳини X ижтимий тармоғидаги саҳифасида эълон қилди. Бу эса мавзу атрофидаги муҳокамаларни янада кучайтирди.

Қайд этиш керак, Килиан Мбаппе жорий мавсумда барча мусобақаларда 42 та учрашувда майдонга тушиб, 41 та гол ва 7 та голли узатма қайд этган. Бундай статистика унинг ҳали ҳам жаҳон футболидаги энг хавфли ҳужумчилардан бири эканини кўрсатади.

Шу боис унинг “тўртинчи ҳужумчи” мақоми кўпчилик учун кутилмаган туюлиши мумкин. Аммо футболда баъзан рақамлар эмас, мураббийнинг тактик режаси, футболчининг ҳолати ва ўйин сценарийси ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Қисқаси, Мбаппе ҳозирча вазиятни хотиржам қабул қилмоқда. У норозилик эмас, меҳнат билан жавоб беришни танлади. Бу эса катта футболчига хос ёндашув. Энди мухлислар унинг кейинги ўйинларда қандай реакция кўрсатишини кутишади: Мбаппе жавобни микрофонда эмас, майдонда беришни яхши билади.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.