Гарри Кейн пивога беланган ҳолда медалини қизига топширди

Бавария Бундеслиганинг сўнгги турида Кёлн устидан 5:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувда хет-трик қайд этган Гарри Кейн мавсумни ажойиб тарзда якунлади. Ўйиндан сўнг анъанага кўра, жамоа аъзолари бир-бирини пиво билан ювишди, натижада инглиз ҳужумчиси бутунлай ҳўл бўлиб кетди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Майдондаги байрам тантаналари вақтида қизиқарли ҳолат юз берди: пивога беланган Гарри Кейн ўз оиласи олдига борди, бироқ унинг рафиқаси ва фарзандлари кийимларига пиво тегиб кетмаслиги учун ундан масофа сақлашга ҳаракат қилишди. Шунга қарамай, футболчи ўзининг чемпионлик медалини қизига совға қилиб, мухлисларга илиқ лаҳзаларни тақдим этди.
Винсент Компани шогирдлари учун бу мавсум жуда муваффақиятли ўтди. Гарри Кейн жорий мавсумда Бундеслигада 36 та гол уришга муваффақ бўлди. Бавария эса чемпионат доирасида жами 122 та гол уриб, рекорд ўрнатди.
Бавария футболчилари чемпионликни нишонлаган бўлсалар-да, мавсум ҳали якунлангани йўқ. Жошуа Киммич таъкидлаганидек, жамоа энди бор эътиборини келаси ҳафта бўлиб ўтадиган Германия кубоги финалига қаратади. Штутгартга қарши кечадиган баҳсда мюнхенликлар мавсумдаги иккинчи совринни қўлга киритишни мақсад қилган.













