OnePlus ОхйгенОС янгиланишларини тўхтатди

OnePlus ОхйгенОС янгиланишларини тўхтатди

OnePlus компанияси фойдаланувчилардан келиб тушган жиддий шикоятлар ортидан ОхйгенОС тизимининг бир нечта янгиланишларини вақтинча тўхтатиб қўйди. Гап 16.0.7.XXX ва 16.0.5.XXX версияларидаги прошивкалар ҳақида бормоқда, уларни ўрнатган фойдаланувчилар смартфонларнинг ўз-ўзидан қайта юкланиши ва тизим ишга тушишидаги носозликларга дуч келишган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.

Компания расмий форуми орқали тарқатган хабарида ушбу қарор қурилмалар барқарорлигини сақлаш ва ҳали янгиланишни ўрнатмаган фойдаланувчиларни муаммолардан ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинганини маълум қилди. Ҳозирча қайси смартфон моделлари ушбу носозликдан кўпроқ зарар кўргани ва муаммо қанчалик оммавий тус олгани аниқланмаган.

OnePlus вакиллари хатоликлар бартараф этилиб, янгиланишлар қўшимча синовлардан ўтказилгандан сўнггина тарқатиш жараёни қайта тикланишини билдирди. Бироқ, тузатилган версиянинг қачон чиқиши ҳақида аниқ муддат ҳозирча белгиланмаган.

Компания юзага келган ноқулайликлар учун фойдаланувчилардан узр сўради. Шунингдек, OnePlus келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун дастурий таъминотни синовдан ўтказиш ва сифат назорати бўйича ички тартиб-қоидаларни қайта кўриб чиқаётганини маълум қилди.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Abror Shuhratov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.