Бавария Мануэль Нойернинг жароҳати юзасидан расмий баёнот берди

Бавария дарвозабони Мануэль Нойер Бундеслиганинг Кёлнга қарши ўйинида жароҳат олиб, майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Клуб тиббий бўлими томонидан ўтказилган текширувлар натижасида футболчининг чап болдир мушакларида муаммо борлиги аниқланди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Мануэль Нойернинг ўзи ҳам бу ҳолатни тасдиқлаб, хавфни олдини олиш мақсадида ўйинни эрта якунлашга қарор қилганини таъкидлади. Ҳозирча тажрибали дарвозабоннинг сафга қайтиш муддати ва келаси ҳафта бўлиб ўтадиган Германия кубоги финалида иштирок этиши номаълумлигича қолмоқда.
Жорий мавсумда Нойер болдир мушакларидаги жароҳатлар туфайли бир неча бор майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Бу ҳолат унинг келажакдаги халқаро турнирлардаги иштироки борасида турли саволларни юзага келтирмоқда.
Германия терма жамоаси бош мураббийи Юлиан Нагельсманн вазият бўйича аниқ изоҳ беришдан тийилди. Мутахассислар 40 ёшли сардорнинг жисмоний ҳолати тикланишига умид қилишмоқда, бироқ унинг доимий жароҳатлари мураббийлар штабини хавотирга солиши табиий.













