Аҳрор Равшанбеков Японияга қарши ўйинда ҳам гол уришни хоҳламоқда...

Аҳрор Равшанбеков Японияга қарши ўйинда ҳам гол уришни хоҳламоқда...

U17 Осиё Кубогида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ўз юришини ишончли давом эттирмоқда. Вакилларимиз аввал Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди, кейин эса чорак финалда Жанубий Кореяга қарши ҳақиқий характер намойиш этиб, ярим финалга чиқди.

Кореяга қарши баҳс 2:2 ҳисобида якунланди. Пенальтилар сериясида эса ўзбекистонлик ёш футболчилар совуққонлик кўрсатиб, муҳим ғалабани илиб кетди. Энди Сергей Чигодаев шогирдларини финал йўлланмаси учун Японияга қарши яна бир катта синов кутмоқда.

Ушбу мусобақада Ўзбекистон таркибида “Андижон” футболчиси Аҳрор Равшанбеков алоҳида ажралиб турибди. У Жанубий Кореяга қарши учрашувда дубл қайд этди ва жамоасининг ярим финалга чиқишида катта ҳисса қўшди. Ҳозиргача 4 та гол урган ёш ҳужумчи мусобақа тўпурарлиги учун ҳам жиддий даъвогарга айланган.

“Андижон” клуби матбуот хизмати Аҳрор Равшанбеков билан суҳбатлашди. Футболчи Кореяга қарши ўйин олдидан жамоа ғалабага ишонганини ва энди бор эътибор Японияга қарши ярим финалга қаратилганини айтди.

“Ўйинда ғалаба қозонишимизга ишонгандик. Албатта, ютганимиздан жуда хурсанд бўлдик. Энди ярим финалда Япония билан ўтадиган учрашувга настрой қиляпмиз”, — деди Равшанбеков.

Кореяга қарши икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилган Аҳрор бу ўйинда аслида хет-трик қилишни мақсад қилганини ҳам яширмади. Унинг айтишича, мазкур чемпионатдаги асосий шахсий мақсадларидан бири — тўпурар бўлиш.

“Бу чемпионатдаги мақсадим тўпурар бўлиш. Аслида Жанубий Кореяга қарши ўйинда хет-трик қилиш мақсадим бор эди. Майли, иккита гол уриш ёзилган экан, иккита тўп киритдим”, — деди у.

Ёш футболчининг ҳозиргача урган голлари сони 4 тага етди. Равшанбеков бу натижани фақат омад билан боғламаслигини, ўз олдига аниқ мақсад қўйиб, шу йўлда меҳнат қилаётганини таъкидлади. У Японияга қарши ўйинда ҳам дубл ёки хет-трик қилишга ҳаракат қилишини айтди.

“Олдимизда ярим финалда Японияга қарши ўйин кутиб турибди. Ушбу ўйинда ҳам дубл ёки хет-трик қилишга ҳаракат қиламан. Фақат омад билан боғлиқ эмас. Мен ўз олдимга мақсад қўйганман ва шунинг учун қаттиқ меҳнат ва ҳаракат қиляпман”, — деди Аҳрор.

Японияга қарши баҳс ҳақида гапирар экан, у жамоа ушбу учрашувга 100 фоиз тайёр эканини билдирди. Равшанбеков мураббийлар кўрсатмалари асосида ҳаракат қилиб, ғалаба қозониш ва финалга чиқиш асосий мақсад эканини таъкидлади.

Ўзбекистон U17 терма жамоаси аллақачон Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Аммо футболчиларнинг режаси шу билан чекланмайди. Равшанбековнинг айтишича, жамоа Осиё Кубогида финалга чиқиб, чемпионликни қўлга киритишни истамоқда.

“Албатта, Жаҳон чемпионатига чиққанимиздан бахтиёрмиз. Лекин бизнинг мақсадимиз шу билан тугамаган. Осиё Кубогида финалга чиқиб, чемпионликни қўлга киритиш асосий вазифамиз”, — деди у.

Ёш футболчи Кореяга қарши ўйиндан кейин илк табрикларни ота-онаси, амакилари, дўстлари ва яқинларидан олганини ҳам айтиб ўтди. Шунингдек, у Андижон халқи ва барча мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши футболчиларга катта куч бераётганини таъкидлади.

Равшанбековнинг фикрича, Жаҳон чемпионати йўлланмасидан кейин жамоадаги ишонч янада ошган. Айниқса, Кореяга қарши драматик ғалаба футболчиларга катта руҳий туртки берган.

“Жамоамизнинг ўзига ишончи анча ошди. Кореяга қарши ўйиндан кейин ҳам ўзимизга бўлган ишонч янада кучайган. Худо хоҳласа, Японияни ютсак ва мақсадимизга эришсак, Осиёда энг зўри бўламиз”, — деди Аҳрор.

У чорак финал ва ярим финал каби ўйинлар деярли финалга тенг аҳамиятга эга эканини ҳам қайд этди. Жанубий Корея кучли рақиб бўлгани каби, Япония ҳам жуда яхши формада келаётганини таъкидлади.

Қисқаси, Ўзбекистон U17 терма жамоаси катта ишонч билан ярим финалга тайёргарлик кўрмоқда. Аҳрор Равшанбеков эса ўз олдига катта мақсад қўйган: тўпурар бўлиш, Япония дарвозасига ҳам гол уриш ва жамоаси билан Осиё чемпионига айланиш. Ёшларимизда ишонч бор, характер бор, энди фақат майдонда яна бир бор исботлаш қолди.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.