Гарри Кейн Бавария билан шартномани узайтириш учун янги шарт қўйди

Англия терма жамоаси сардори Гарри Кейн Бавария билан узоқ муддатли ҳамкорликни давом эттиришга тайёр, бироқ футболчи шартнома шартлари бўйича муҳим молиявий талабни илгари сурди. Тажрибали ҳужумчи клуб билан янги келишувда Жамал Мусиала оладиган маош билан тенг даражадаги маош олишни истамоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Kicker нашрининг хабар беришича, музокаралардаги асосий баҳс айнан молиявий масалалар атрофида кечмоқда. Кейн ўзининг жамоа учун қанчалик муҳимлигини ҳисобга олиб, Мусиала билан бир хил маош талаб қилмоқда. Ҳатто Саудия Арабистони клубларидан тушаётган катта таклифлар ҳам унинг Баварияда қолиш истагини ўзгартира олмаган.
Ҳозирда 32 ёшда бўлган ҳужумчи 2030-йилга қадар мўлжалланган шартнома имзолашни мақсад қилган. Бавария раҳбарияти эса дастлаб 2029-йилгача бўлган вариантни таклиф қилган эди. Бироқ, футболчининг жорий мавсумдаги ажойиб натижалари ва Винсент Компани қўл остидаги ўйини клубни унинг талабларига ён босишга мажбур қилиши мумкин.
Кейн жорий мавсумда 58 та гол уриб, Роберт Левандовскининг рекордини янгилади ва кетма-кет учинчи йил Бундеслига тўпурари бўлди. Майкл Олисе ва Луис Диаз билан биргаликда ҳужум чизиғида ҳосил қилган самарали тандем Баварияни Европадаги энг хавфли жамоага айлантирди.













