PSJ Усмон Дембеле жароҳати юзасидан баёнот берди

PSJ клуби ҳужумчиси Усмон Дембеле Лига 1 мавсумининг сўнгги ўйинида майдонни эрта тарк этгач, унинг соғлиғи борасида хавотирлар пайдо бўлди. Париж дербисида Парис ФК жамоасига қарши баҳсда ўнг болдир қисмида ноқулайлик сезган футболчи эҳтиёт чораси сифатида алмаштирилди. Бу ҳолат Чемпионлар лигаси финали олдидан мухлисларни хавотирга солди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Клуб расмий баёнотига кўра, 29 ёшли футболчи махсус тиббий назорат остида. Дастлабки текширувлар жароҳат жиддий эмаслигини ва мушакларда узилиш кузатилмаганини кўрсатди. Бу эса франциялик юлдузнинг Арсенал жамоасига қарши финал баҳсида майдонга тушиш имкониятини оширади.
Бош мураббий Луис Энрике матбуот анжуманида вазиятни изоҳлар экан, бу шунчаки чарчоқ аломатлари эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Дембеленинг алмаштирилиши жиддий муаммо эмас ва футболчи финалгача тўлиқ тикланиш учун етарли вақтга эга.
Усмон Дембеле жорий мавсумда PSJ сафида ажойиб ўйин намойиш этиб, 39 та учрашувда 19 та гол ва 11 та голли узатмага муаллифлик қилди. Унинг таркибга қайтиши Париж клубининг кетма-кет иккинчи бор Европа чемпионлигини қўлга киритиш режаларида муҳим аҳамият касб этади.
Тиббий ходимлар 30-май куни Будапештда бўлиб ўтадиган финал ўйинига қадар футболчини сафга қайтариш учун 12 кунлик муддатга эга. Айни дамда жамоа шифокорлари унинг тикланиш жараёнини диққат билан кузатиб бормоқда.













