Apple компанияси нуқсонли чиплардан қандай фойда кўрмоқда

Apple компанияси нуқсонли чиплардан қандай фойда кўрмоқда

Apple компанияси кўп йиллардан буён ишлаб чиқариш жараёнида нуқсони бор ёки тўлиқ қувватда ишламайдиган процессорларни утилизация қилиш ўрнига, уларни чекланган имкониятлар билан арзонроқ қурилмаларда қўллаш стратегиясини амалга ошириб келмоқда. Бу усул iPhone 4 ва биринчи iPad давридан бошлаб жорий этилган бўлиб, унда график ёки ҳисоблаш ядроларидан бири носоз бўлган СоК (тизим-кристалда) блоклари ўчирилади ва улар бюджет моделларига ўрнатилади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.

Ушбу стратегиянинг яққол намуналаридан бири MacBook Air М1 бўлиб, унда 8 ядроли GPU ўрнига 7 ядроли версия ишлатилган. Шунингдек, 2026-йилда чиқарилган iPhone 17е смартфони ҳам қимматроқ iPhone 17 моделлари учун мос келмаган, бироқ ишлаш қобилиятини сақлаб қолган процессорлар билан жиҳозланган. Бу ёндашув Apple компаниясига ишлаб чиқаришдаги йўқотишларни камайтириш ва маҳсулотлар таннархини пасайтириш имконини беради.

Яқинда тақдим этилган MacBook Neo ноутбуки ҳам ушбу стратегиянинг самарадорлигини кўрсатди. 600 долларлик қурилма iPhone 16 Pro'даги А18 Pro процессори билан жиҳозланган, бироқ унда битта график ядро ўчирилган. Натижада, ушбу ноутбук ўз нарх сегментида Windows-қурилмаларга нисбатан юқори унумдорлик кўрсатиб, бозорга катта таъсир ўтказди.

Гарчи яримўтказгичлар саноатида бундай усул одатий ҳол ҳисобланса-да, Apple уни ўзининг бизнес моделига мукаммал сингдирган. Бу компанияга нафақат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки турли нарх тоифасидаги қурилмалар ўртасида унумдорликни мослашувчан тарзда тақсимлаш имконини беради. Натижада фойдаланувчилар арзонроқ нархда сифатли технологияларга эга бўлишади.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Abror Shuhratov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.