Ўзбекистон Сенати шартли озод қилиш устидан назоратни кучайтирди

Ўзбекистон Сенати шартли озод қилиш устидан назоратни кучайтирди

Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди. Мазкур ҳужжат инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жиноий-ижроия тизимини такомиллаштириш ҳамда пробация институтининг самарадорлигини оширишга қаратилган. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар беради.

Қонунга кўра, Жиноят кодексига киритилаётган ўзгаришлар билан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахслар устидан назорат кучайтирилмоқда. Эндиликда улар ваколатли органларга вақти-вақти билан келиб, рўйхатдан ўтиб туришлари шарт бўлади. Шунингдек, шартли озод қилинган шахс зиммасидаги мажбуриятларни бекор қилиш масаласини кўриб чиқишда адвокат ёки шахснинг ўзига илтимоснома киритиш ҳуқуқи берилмоқда.

Жиноят-процессуал кодексига киритилаётган ўзгартиришлар орқали шартли озод қилишни бекор қилиш тартиби аниқлаштирилди. Ушбу масалалар маҳкум истиқомат қилаётган ҳудуддаги жиноят ишлари бўйича туман ёки шаҳар суди судяси томонидан ҳал этилиши белгиланмоқда. Жиноий-ижроия кодекси эса шартли озод қилинганлар устидан назоратнинг ҳуқуқий механизмларини белгиловчи янги боб билан тўлдирилди.

“Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонунга ҳам ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, тергов ҳибсхонасидаги шахсларга дам олиш ва байрам кунлари камида икки соат сайр қилиш, қўшимча кийим-бош ва пойабзал олиш ҳуқуқи берилмоқда. Шунингдек, озиқ-овқат ҳамда энг зарур буюмларни сотиб олиш учун ажратиладиган маблағ миқдори энг кам иш ҳақининг бир бараваригача оширилмоқда.

Сенат аъзолари ушбу қонун жамиятда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилишини таъкидладилар. Муҳокамалардан сўнг сенаторлар қонунни маъқулладилар.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Tumaris
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.