Россия жанубида 100 МВ қувватли энергия сақлаш тизимлари қурилади

Россия Энергетика вазирлиги мамлакат жанубида умумий қуввати 100 МВ бўлган қўшимча энергия сақлаш тизимларини ишга туширишни режалаштирмоқда. Ушбу лойиҳани амалга ошириш муддати келгуси йил ёки 2026-йилнинг охиригача деб белгиланган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Энергетика вазири ўринбосари Евгений Грабчакнинг таъкидлашича, мазкур тизимлар электр тармоғидаги юкламаларни мувозанатлаш ва айниқса, энг юқори истеъмол даврларида электр таъминоти барқарорлигини ошириш учун хизмат қилади. Лойиҳани амалга ошириш жараёни кўплаб техник омилларга боғлиқ бўлиб, ишлар босқичма-босқич олиб борилмоқда.
Лойиҳа ижрочиси сифатида «Россети» компанияси кўрилмоқда, чунки улар минтақада энергия сақлаш қурилмалари бўйича тажрибага эга ва тайёргарлик ишларини бошлаб юборган. Мутахассисларнинг фикрича, ушбу тизимларни барпо этиш анъанавий электр станцияларини қуришдан кўра анча арзонроққа тушади.
Аввалроқ Краснодар ўлкасида ёзги мавсум бошига қадар электр энергиясига бўлган талабни барқарорлаштириш мақсадида 250 МВ қувватли сақлаш тизимларини ишга тушириш режалаштирилгани хабар қилинган эди. Бу чоралар минтақадаги энергия тизимининг ишончлилигини сезиларли даражада ошириши кутилмоқда.













