Гвардиолага "Ан Наср"дан рекорд даражадаги таклиф тушди...

Хосеп Гвардиоланинг жорий мавсум якунида “Манчестер Сити”ни тарк этиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тобора кўпаймоқда. Испаниялик мутахассиснинг Манчестердаги келажаги ноаниқ бўлиб турган бир пайтда, унинг кейинги манзили ҳақида ҳам турли тахминлар пайдо бўла бошлади.
Touchline нашри маълумотига кўра, Гвардиола катта эҳтимол билан мавсум тугагач “Манчестер Сити” билан хайрлашади. Шундай вазиятда Саудия Арабистонининг “Ан Наср” клуби уни жамоа бошқарувига олиб келишга жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Эътиборлиси, “Ан Наср” сафида ҳозир Криштиану Роналду тўп сурмоқда. Агар Гвардиола ушбу таклифни қабул қилса, футбол олами яна бир катта сюжетга гувоҳ бўлиши мумкин: Пеп ва Роналду бир жамоада. Бунинг ўзиёқ трансфер бозорида “бомба” даражасидаги воқеа бўлади.
Манбага кўра, Саудия клуби испаниялик мураббийга йилига 150 миллион долларлик шартнома таклиф қилган. Бу сумма бонусларсиз ҳисоблангани айтилмоқда. Агар келишув амалга ошса, Гвардиола футбол тарихидаги энг кўп маош оладиган мураббийлардан бирига айланиши мумкин.
Хосеп Гвардиола “Манчестер Сити”ни 2016 йилдан буён бошқариб келмоқда. Унинг қўл остида “шаҳарликлар” Англия ва Европа футболида мутлақо янги даражага чиқди. Пеп жамоага нафақат совринлар, балки ўйин фалсафаси, назорат ва юқори стандарт олиб кирди.
Гвардиола даврида “Манчестер Сити” 6 марта Англия Премьер-лигаси, 5 марта Лига кубоги, 3 марта Англия кубоги ва Англия Суперкубогини қўлга киритди. Шунингдек, манчестерликлар бир мартадан Чемпионлар лигаси, УЕФА Суперкубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам ғолиб чиқди.
Пепнинг эҳтимолий кетиши “Сити” учун оддий мураббий алмашинуви эмас, бутун бир даврнинг якунланиши бўлиши мумкин. У Манчестерда фақат ғалаба қозонмади, балки клубни глобал футбол бренди сифатида янада кучайтирди.
Қисқаси, Гвардиола атрофида катта интрига бошланди. “Ан Наср”дан 150 миллион долларлик таклиф — ҳазил эмас, бу Саудия футболи яна бир йирик номни олиб келишга тайёр эканини кўрсатади. Энди савол битта: Пеп Европада қоладими ёки Роналду билан бирга янги саудияча суперлойиҳага қўшиладими?













