Моуриньо "Реал"дан қайси футболчиларни "ҳайдаши" маълум бўлди...

Моуриньо "Реал"дан қайси футболчиларни "ҳайдаши" маълум бўлди...

Мадриднинг “Реал” клубида катта ўзгаришлар бошланиши мумкин. “Бенфика” бош мураббийи Жозе Моуриньо тез орада “қироллик клуби” бошқарувини қабул қилиши ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Португалиялик мутахассис эса ҳозирданоқ Мадрид клуби таркибини ўрганишга киришгани айтилмоқда.

Defensa Central нашри журналист Мигель Серранога таяниб хабар беришича, Моуриньо “Реал”да иш бошласа, Эдуарду Камавинга билан хайрлашишни режалаштирмоқда. Манбага кўра, португалиялик мураббий француз ярим ҳимоячисини ўз лойиҳасида асосий фигура сифатида кўрмаяпти.

Айтилишича, Моуриньо Камавингани сотиб, унинг ўрнига “Вулверхэмптон” ярим ҳимоячиси Жоао Гомесни олиб келишни истамоқда. Англия клуби Премьер-лигани тарк этгани сабаб, бразилиялик футболчининг трансфери амалга ошиши мумкин бўлган вариантлардан бири сифатида кўрилмоқда.

Манба таъкидлашича, Моуриньога “ўзи тўлиқ ишонадиган футболчилар” керак. Унинг назарида Камавинга ҳозирча шундай ўйинчилар қаторига кирмайди. Португалиялик мутахассис ҳар доим марказда интизом, жисмоний кураш ва аниқ вазифа бажарадиган футболчиларни қадрлагани билан танилган.

Камавинга эса жорий мавсумда “Реал” сафида барча мусобақаларда 43 та учрашувда иштирок этди. Франциялик футболчи бу ўйинларда 2 та гол ва 1 та голли узатма қайд этди. Унинг мадридликлар билан амалдаги шартномаси 2029 йил ёзигача мўлжалланган.

Transfermarkt портали маълумотига кўра, Камавинганинг бозор қиймати 50 миллион еврони ташкил қилади. Шу боис унинг эҳтимолий сотилиши “Реал” учун молиявий жиҳатдан ҳам муҳим қарор бўлиши мумкин.

Қисқаси, агар Моуриньо ҳақиқатан ҳам “Реал”га қайтса, таркибда жиддий ўзгаришлар бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Камавинга кетиши, Жоао Гомес эса янги лойиҳанинг бир қисмига айланиши мумкин. “Особенный” қайтса, кимдир қолади, кимдир кетади — Моуриньо режимида сентименталлик кам, талаб эса баланд.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.