"Барселона" трансфер бозорида яна эркинроқ ҳаракат қиладиган бўлди

«Барселона» ёзги трансфер ойнасида молиявий жиҳатдан анча қулайроқ вазиятга қайтиши кутилмоқда. Каталония клуби Ла Лиганинг машҳур «1 га 1» қоидаси асосида ишлаш имкониятига эга бўлади.
Бу қоида клуб сотилган футболчилардан қанча маблағ ишлаб олса, шунча пулни янги трансферларга сарфлай олишини англатади. Яъни «Барселона» аввалгидек қаттиқ молиявий чекловлар остида эмас, анча эркинроқ ҳаракат қилиши мумкин.
Ла Лига директори Хавер Гомеснинг таъкидлашича, каталонияликларнинг маошлар фонди таркиб учун белгиланган харажат лимитидан пастга тушади. Бу эса клубга янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш ва таркибни кучайтиришда муҳим имконият яратади.
Бу жараёнга бир нечта асосий омил таъсир қилмоқда. Биринчиси — VIP-ложалардан тушадиган 70 миллион евродан ортиқ даромад. Бу маблағ клуб бюджетини сезиларли даражада енгиллаштиради.
Иккинчи муҳим омил — «Камп Ноу» стадионидаги янги трибунанинг фойдаланишга топширилиши. Стадион инфратузилмасидан тушадиган қўшимча даромадлар клуб молиявий барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатади.
Учинчи асосий сабаб эса Роберт Левандовскининг кетиши билан боғлиқ. Полшалик ҳужумчининг катта маоши клуб бюджетида жиддий юк бўлиб турганди. Унинг кетиши «Барселона»га маошлар фондини енгиллаштириш имконини беради.
Шунингдек, Хавер Гомес «Барселона» янги ҳомийларни жалб қилиши мумкинлигини ҳам қайд этди. Бу эса клуб даромадини ошириш, молиявий камомадни камайтириш ва трансфер бозорида одатий режимда ҳаракат қилиш имкониятини кенгайтиради.
Бундан ташқари, каталонияликлар «Монако»дан Ансу Фати трансфери учун 11 миллион евро олишни кутмоқда. Футболчи ўтган мавсумни Франция клубида ижара асосида ўтказган ва уни сотиб олиш банди айнан шу суммада белгиланган.
Қисқаси, «Барселона» учун ёзги трансфер ойнаси анча қизиқ ўтиши мумкин. Даромадлар кўпаймоқда, маошлар фонди енгиллашмоқда, «1 га 1» қоидаси эса клубга қайта нафас беради. Каталонияда молиявий “режим эконом” аста-секин “қайта қуриш” режимига ўтяпти.













