Криштиано Роналдо ниҳоят чемпион: Ал-Насср Саудия тахтини қайтарди

Криштиано Роналдо ниҳоят чемпион: Ал-Насср Саудия тахтини қайтарди

Криштиано Роналдо беш йиллик танаффусдан сўнг ниҳоят йирик совринни қўлга киритди. Пайшанба оқшомида "Дамак" устидан 4:1 ҳисобида ғалаба қозонган Ал-Насср 2025-26-йилги мавсумда Саудия Pro Лигаси чемпионлигини расмийлаштирди. Жорге Жесус шогирдлари турнир жадвалида ашаддий рақиби Ал-Ҳилал жамоасини икки очкога ортда қолдириб, маррага биринчи бўлиб етиб келишди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.

Учрашувда Ливерпул собиқ вингери Садио Мане ва Бавария афсонаси Кингслей Коман томонидан киритилган голлар Ал-Нассрни олдинга олиб чиқди. Шундан сўнг, Криштиано Роналдо ўзининг дубли билан ўйинга якуний нуқтани қўйди. Айниқса, 41 ёшли ҳужумчининг жарима зарбасидан йўллаган голи ва яқин масофадан амалга оширган аниқ зарбаси стадиондаги мухлисларни ҳаяжонга солди.

Ал-Насср учун ушбу ғалаба жуда муҳим эди, сабаби жамоа ўтган ҳафтада Осиё Чемпионлар лигаси 2 финалида Гамба Осака жамоасига имкониятни бой берган эди. Бироқ Роналдо ва унинг жамоадошлари босимни енгиб ўтиб, 2019-йилдан буён илк бор мамлакат чемпионлигини қўлга киритишди. Бу Роналдонинг 2021-йилда Ювентус сафида Италия кубогини ютганидан кейинги биринчи йирик клуб совринидир.

Мавсумни 28 та гол билан якунлаган Криштиано Роналдо энди бор эътиборини Португалия терма жамоасига қаратади. Беш карра "Олтин тўп" соҳиби 2026-йилги Жаҳон чемпионати учун қайдномага киритилган. Роберто Мартинез бошчилигидаги жамоа гуруҳ босқичида Конго ДР, Колумбия ва Ўзбекистон терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Nodirbek Razzokov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.