Барселона Марк-Андре тер Стеген бўйича якуний қарорга келди

Марк-Андре тер Стегеннинг Барселона билан шартномаси давом этаётган бўлса-да, унинг клубдаги спорт келажаги якунланган кўринади. Каталония клуби дарвозабонни жамоани тарк этишига рухсат беришга тайёр, бироқ ҳозирча фақат ижара варианти энг мантиқий йўл сифатида кўрилмоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Испаниянинг Mundo Deportivo нашри хабарига кўра, 2028-йилгача шартномаси бор бўлган тер Стегеннинг тўлиқ трансферини амалга ошириш жуда мураккаб вазифа. Собиқ сардорнинг юқори маоши ва сўнгги пайтлардаги жароҳатлари туфайли бошқа клублар бундай молиявий таваккалга қўл уришни исташмаяпти.
Ўтган ёзда Барселона Эспанёл жамоасидан Жоан Гарсиа билан шартнома имзолаб, уни асосий дарвозабонга айлантирган эди. Тер Стеген эса белидаги жароҳатидан сўнг ўйин амалиётига эга бўлиш учун январ ойида Жирона сафига ижарага ўтганди. Бироқ у ерда бор-йўғи икки ўйинда майдонга тушиб, сонидан жароҳат олди ва Жаҳон чемпионатини ўтказиб юборишга мажбур бўлди.
Хабарларга кўра, дарвозабон соғайиб қайтгач, Барселона уни яна ижарага бериб юбормоқчи. Нашр уни жамоа таркибидаги "иссиқ картошка" деб атамоқда. Жирона билан бўлган келишувда бўлгани каби, "кўк-анорранглилар" 34 ёшли посбоннинг маошини катта қисмини тўлаб беришга мажбур бўлишлари мумкин.
Тер Стеген 2014-йилда Боруссия Мёнченгладбач клубидан 12 миллион евро эвазига трансфер қилинган эди. У 12 йил давомида каталонияликлар шарафини ҳимоя қилиб, кўплаб совринларни қўлга киритди, бироқ энди унинг Барселона билан хайрлашиш вақти келган кўринади.













