Смартфон ишлашини секинлаштирувчи яширин иловалар...

Мутахассислар таъкидлашича, ҳозирги замонавий мобиль иловалар, айниқса Android тизимида, фон режимида доимий ишлаб туради ва турли телеметрия маълумотлари ҳамда реклама учун фойдаланувчи ҳақида ахборот йиғади. Бу эса смартфоннинг умумий ишлаш тезлигини пасайтиради ҳамда батареянинг тезроқ сарфланишига олиб келади.
Аниқланишича, энг кўп ресурс истеъмол қиладиган иловалар орасида ижтимоий тармоқ платформалари етакчи ўринни эгаллайди. Масалан, Facebook, TikTok, X каби сервислар фойдаланувчининг қизиқишларини таҳлил қилиб, унга мос контент таклиф қилиш учун катта ҳажмдаги маълумотларни тўплайди ва қайта ишлайди.
Шунингдек, стриминг хизматлари ҳам қурилмага сезиларли юк туширади. Netflix ва Spotify каби платформалар маълумотларни кэш хотирасида сақлаб, тезроқ ишлашга ёрдам берса-да, вақт ўтиши билан бу хотира тўлиб қолиб, смартфоннинг секинлашишига сабаб бўлади.
Навигация иловалари, жумладан Google Maps ва Waze ҳам интернетсиз ишлаш қулайлиги учун хариталар ва маршрут маълумотларини олдиндан сақлаб қўяди. Бу жараён доимий хотира ва процессор ресурсларини талаб қилади.
Об-ҳаво иловалари ҳам бекорчи ресурс истеъмолчилари қаторига киради. Pixel Weather, Weather Underground ва Weawow каби сервислар доимий равишда метеомаълумотларни янгилаб, интернет трафикдан фойдаланади ва батарея қувватини секин-аста камайтиради.
Олимлар фикрича, ушбу жараёнларни назорат қилиш орқали смартфоннинг ишлаш самарадорлигини сезиларли даражада ошириш мумкин.












