Буюк Британияда литий-ион батареялар билан боғлиқ ёнғинлар кескин кўпайди

Буюк Британияда литий-ион батареялар сабабли юзага келаётган ёнғинлар сони хавотирли даражада ошди. ҚБE суғурта компанияси маълумотларига кўра, 2025-йилнинг ўзида 1 760 та шундай ҳолат қайд этилган, бу деярли ҳар беш соатда битта ёнғин содир бўлаётганини англатади. Сўнгги уч йил ичида бундай ҳодисалар сони 147 фоизга ўсган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Статистикага кўра, ёнғинларнинг асосий сабабчиси — электр велосипедлар ва электро-самокатлардир. Ҳозирда улар батарея билан боғлиқ барча ёнғинларнинг учдан бир қисмини ташкил этади. Айниқса, Лондон шаҳрида вазият оғир: пойтахтда электр транспорт воситалари билан боғлиқ ёнғинлар барча аккумулятор ҳодисаларининг 44 фоизини ташкил этиб, уч йил ичида беш кишининг ўлимига сабаб бўлди.
Мутахассислар ёнғинларнинг асосий сабаби сифатида интернет-дўконлар орқали сотилаётган сифатсиз, сертификатланмаган аккумуляторлар ва қувватлаш қурилмаларини кўрсатмоқда. Кўпинча батареялар қувватланаётган вақтда, айниқса тунги пайтда ёки хонадонларнинг чиқиш йўлакларида ёниб кетади. Бу ҳолатда юзага келадиган «термик қочқин» жараёни батареянинг ички қисмини кескин қиздириб, заҳарли газлар ажралишига ва портлашга олиб келади.
Ёнғин хавфсизлиги хизматлари литий-ион батареяларни нотўғри утилизация қилиш муаммосига ҳам эътибор қаратмоқда. Уларнинг оддий чиқиндилар билан бирга ташлаб юборилиши чиқинди ташувчи машиналар ва қайта ишлаш заводларида ёнғинларни келтириб чиқармоқда. Суғуртачиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ушбу ҳодисалар келтираётган йиллик зарар 1 миллиард фунт стерлингдан ошиб кетди.













