Коинотда ҳаёт асоси бўлган аминокислотанинг «эгизаги» топилди

Коинотда ҳаёт асоси бўлган аминокислотанинг «эгизаги» топилди

Халқаро тадқиқотчилар гуруҳи ёш юлдузлар тизимининг марказида ҳаёт учун муҳим бўлган глицин аминокислотасининг изомери — метилкарбаматни аниқлади. Бу кашфиёт коинотда ҳаёт манбаларини излашда янги босқични бошлаб берди, чунки глициннинг ўзини космосда топиш ўнлаб йиллар давомида муаммоли бўлиб келган эди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.

Тадқиқот Хитой, Германия ва Франция олимлари томонидан АЛМА радиотелескоплар мажмуаси ёрдамида амалга оширилди. G358.93-0.03 ММ1 деб номланган улкан юлдузлар бешигида ўтказилган кузатувлар давомида метилкарбаматнинг 10 та мустақил радиомаркерлари қайд этилди. Бу модда глицин билан бир хил атомлар тўпламига эга бўлса-да, уларнинг тузилиши турлича.

Олимлар ушбу модданинг кутилганидан кўпроқ миқдорда топилганини илмий сенсация деб аташмоқда. Бу ҳолат кимёдаги «минимал энергия принципи»га зид келади ва коинотдаги кимёвий жараёнлар аввал ўйланганидан мураккаброқ эканини кўрсатади. Метилкарбаматнинг синтези космик чанг зарралари юзасидаги муз қатламларида содир бўлиши аниқланди.

Ушбу кашфиёт нафақат глицин излаш учун янги «йўл харитаси»ни яратади, балки юлдузлараро муҳитда мураккаб органик бирикмалар қандай шаклланишини тушунишга ёрдам беради. Келгусида бошқа молекуляр булутларда ўтказиладиган кузатувлар коинотдаги термодинамик мувозанат ҳақидаги тасаввурларимизни тубдан ўзгартириши мумкин.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Abror Shuhratov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.