xAI ўтган йили 6,4 миллиард доллар зарар кўрди: SpaceX ИПО ҳужжатлари

Elon Musk бошқарувидаги xAI компанияси 2025-йилда 3,2 миллиард доллар даромад кўрган бўлса-да, операцион фаолиятдан 6,4 миллиард доллар зарар кўрди. SpaceX компаниясининг ИПО (акцияларни оммавий жойлаштириш) учун топширган ҳужжатларида ушбу молиявий кўрсаткичлар илк бор очиқланди. Маълумотларга кўра, харажатлар ва зарарлар миқдори келгусида янада ўсиши кутилмоқда. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
SpaceX жорий йилда ўзининг сунъий интеллект бўлинмаси xAI билан бирлашган ҳолда биржага чиқишни режалаштирмоқда. Ушбу ИПО тарихда энг йирикларидан бири бўлиши ва компания қиймати 1,75 триллион долларга баҳоланиши мумкин. Ҳужжатларда Grok моделини "бир неча триллион параметрли" даражага кўтариш мақсади қўйилган бўлиб, бу ҳисоблаш қувватлари учун улкан қўшимча инвестицияларни талаб қилади.
2026-йилнинг биринчи чорагида сунъий интеллект сегменти учун капитал харажатлар 7,7 миллиард долларни ташкил этди. Агар ушбу суръат сақланиб қолса, йиллик харажатлар 30,8 миллиард долларга етиши мумкин. Ҳозирда Grok ва Х платформаларининг умумий 550 миллион ойлик фаол фойдаланувчисидан фақат 117 миллиони (тахминан бешдан бир қисми) сунъий интеллект функцияларидан фаол фойдаланмоқда.
Муск инвесторларни тинчлантириш учун харажатларни камайтиришнинг янги усулларини таклиф қилмоқда. Хусусан, SpaceX 2028-йилдан бошлаб орбитал маълумотлар марказларини ишга туширишни режалаштирмоқда. Компания фикрича, сунъий интеллектни коинотдаги сунъий йўлдошлар орқали ўқитиш ва қайта ишлаш ер устидаги марказларга қараганда анча арзон ва самаралироқ бўлади.













