ГПС узилишларига ечим: Дривее иловасида янги функция ишга тушди

ГПС узилишларига ечим: Дривее иловасида янги функция ишга тушди

Дривее такси буюртма қилиш сервиси ҳайдовчилар учун янги қулайлик — геолокацияни қўлда созлаш функциясини тақдим этди. Эндиликда ГПС сигнали беқарор бўлган ҳолатларда ҳайдовчи ўз жойлашувини харитада мустақил белгилаши ёки аниқ манзилни киритиши мумкин. Ишлаб чиқувчиларнинг таъкидлашича, бу янгилик долзарб буюртмаларни тезроқ қабул қилиш ва бўш туриб қолишларнинг олдини олиш имконини беради. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.

Мазкур функция Самара, Толятти ва Волгоград шаҳарларида муваффақиятли синовдан ўтказилди. Сервис таҳлилларига кўра, ҳайдовчиларнинг 70–85 фоизи геолокацияни қўлда созлаш имкониятидан фаол фойдаланган. Натижада қабул қилинган таклифлар сони 6 фоизга, якунланган сафарлар эса 5 фоизга ошган. Ҳозирда ушбу имконият Москва, Санкт-Петербург, Сочи ва бошқа бир қатор йирик шаҳарларда амал қилмоқда.

Дривее бош директори Егор Сметаниннинг сўзларига кўра, сўнгги вақтларда турли шаҳарларда геолокациянинг нотўғри аниқланиши бўйича ҳайдовчилардан мурожаатлар кўпайган. ГПС сигнали носозлиги сабабли ҳайдовчи аслида шаҳарнинг бошқа чеккасида бўлган буюртмани қабул қилиб қўйиши ҳолатлари кузатилган.

Компаниянинг асосий мақсади — ҳатто ГПС сигнали беқарор бўлган вазиятларда ҳам фойдаланувчилар учун сафарларни олдиндан режалаштириш имконини яратишдир. Қўлда созлаш функцияси бундай «телепортация»ларнинг олдини олишга ва ҳайдовчиларнинг ортиқча узилишларсиз линияда қолишига ёрдам беради.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Abror Shuhratov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.