Япония гипертовушли двигателни муваффақиятли синовдан ўтказди

Япония гипертовушли двигателни муваффақиятли синовдан ўтказди

JAXA агентлиги гипертовушли йўловчи самолётини яратиш йўлида улкан қадам ташлади: япон муҳандислари Мач 5 классидаги тўғри оқимли двигателни муваффақиятли синовдан ўтказдилар. Какуда тадқиқот марказида бўлиб ўтган тестлар давомида мутахассислар соатига тахминан 6100 км тезликдаги парвозни моделлаштиришди. Бу товуш тезлигидан қарийб беш баравар юқори кўрсаткичдир. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.

Бундай режимда самолёт қобиғининг ҳарорати деярли 1000°К даражага етади, бу эса оддий самолётлар бардош бера олмайдиган экстремал юкламадир. Япониялик ишлаб чиқувчилар ички тизимларни хавфсиз ҳарорат оралиғида сақлаб қолишга муваффақ бўлишди — айнан шу натижа лойиҳанинг энг муҳим технологик ютуқларидан бири сифатида баҳоланмоқда.

Синовларнинг ўзига хослиги шундаки, муҳандислар нафақат двигателни, балки бутун конструкциянинг комплекс ишлашини текширишди. Тадқиқотчилар корпус бўйлаб ҳароратнинг тақсимланиши, чиқинди газларнинг аппарат барқарорлигига таъсири ҳамда аэродинамика ва тортиш кучи ўртасидаги ўзаро алоқаларни таҳлил қилишди. Лойиҳа асосини водородли тўғри оқимли двигател ташкил этади.

Назарий жиҳатдан, Мач 5 тезлигида барқарор уча оладиган самолёт Токио — Нью-Йорк йўналишини тахминан 1 соат 45 дақиқада босиб ўтиши мумкин. Таққослаш учун, ҳатто Боом Овертуре каби истиқболли товушдан тез учувчи лайнерлар ҳам фақат Мач 1.7 тезлигига мўлжалланган. Дастурнинг навбатдаги босқичи аппаратни ракета-ташувчи ёрдамида ҳақиқий парвоз шароитида синаб кўришни кўзда тутади.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Abror Shuhratov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.