Россияда VPN-трафик учун қўшимча тўлов жорий этиш кузгача қолдирилди

Россия ҳукумати халқаро интернет-трафик учун белгиланган 15 GB миқдоридан ошган қисмига қўшимча ҳақ тўлаш тартибини жорий этишни кечиктирди. Дастлаб 1-июндан кучга кириши керак бўлган ушбу чора эндиликда куз ойларига ёки Давлат думаси сайловларидан кейинги муддатга кўчирилиши мумкин. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ушбу ташаббус VPN хизматларидан фойдаланишга қарши курашиш усули сифатида кўрилмоқда. Алоқа операторлари бундай трафикни халқаро деб таснифлайди, демак, нархларнинг ошиши айланма йўллар орқали интернетга киришни камайтириши кутилган эди. Бироқ, механизмни амалиётга татбиқ этиш учун вақт етарли бўлмагани маълум бўлди.
Телеком-бозоридаги манбаларнинг хабар беришича, операторларга техник тайёргарлик кўриш учун яна 3–4 ой вақт керак. Асосий муаммо — тарифларни, жумладан, архивдаги пакетларни янгилаш ва биллинг тизимларини такомиллаштириш билан боғлиқ техник мураккабликлардир.
Энг катта савол қайси трафикни айнан "хорижий" деб ҳисоблашда юзага келмоқда. Масалан, Россияда ўз серверларига эга бўлган Google хизматлари, корпоратив VPN тармоқлари ёки мессенжерлардаги прокси-серверлар трафигини қандай ҳисобга олиш ҳозирча аниқ эмас.













