
Ўзбекнефтгаз ва Озарбайжоннинг СОCAR компанияси Қорақалпоғистоннинг Устюрт ҳудудида фойдали қазилмаларни қидириш ва қазиб олиш бўйича қўшма лойиҳани ишга туширди. Лойиҳа очилиш маросимида Озарбайжон энергетика вазири Парвиз Шаҳбозов бу ташаббус икки давлатнинг энергетика соҳасидаги стратегик ҳамкорлигини яна бир бор тасдиқлашини, шунингдек, углеводород соҳасида билим ва технологиялар алмашинуви учун пойдевор яратишини таъкидлади.
Углеводородларни биргаликда қидириш ва қазиб олиш бўйича келишув жорий йил ёзида имзоланган. Ҳужжатга кўра, қазиб олинган ресурсларнинг бир қисми Тошкентга, қолган қисми эса Бокуга етказилади.
Геологик қидирув ва камида битта қудуқ бурғилаш жараёни беш йил ичида якунланиши режалаштирилган. Бундан ташқари, ушбу йил декабр ойининг бошида Ўзбекистон пойтахтида Ustyurt Operating Company офиси очилди.
Бу компания Устюрт платосидаги ишларини бошқаради. Озарбайжон томони маълумотларига кўра, компания қисқа вақт ичида рўйхатдан ўтказилган.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон ва Озарбайжон томонлари Устюрт платосидаги ресурсларни қазиб олишга қарийб 2 миллиард доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда. Баҳолашларга кўра, Устюрт ҳудудида 35 миллиард куб метр газ ва 100 миллион тонна нефть захиралари мавжуд.
Лойиҳага халқаро компания BP ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.