Совуқ сабаб метан чекланади, биржада бензин кўпаяди

Совуқ ҳаво оқими туфайли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига қисқа муддатли чекловлар киритилмоқда. Шундан келиб чиқиб, ҳайдовчиларда ёқилғи танқислиги юзага келмаслиги учун биржа савдоларига чиқариладиган кунлик автобензин ҳажми оширилиши маълум қилинди. Мақсад — метан заправкалари ишида вақтинчалик чеклов бўлган пайтда ҳам бозорда барқарор таъминотни сақлаб туриш.
Бунинг учун барча ҳудудларда зарур миқдорда захиралар олдиндан шакллантирилгани қайд этилди. “Ўзбекнефтгаз” маълумотига кўра, истеъмолчиларнинг автобензинга бўлган талабини тўлиқ қондириш масаласи давлат назоратига олинган. Шу йўналишда таъминот занжири узилмаслиги, логистика ва етказиб бериш ишлари мувофиқлаштирилгани ҳам билдирилди.
Компания хусусий АЁҚШ (автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари) эгаларини нархларни сунъий оширмасликка ва бензинни сифат ҳамда миқдор талабларига қатъий риоя қилган ҳолда сотишга чақирди. Шунингдек, назорат тадбирлари кучайтирилиши, асоссиз қимматлашув ва ноқонуний ҳолатларга йўл қўйилмаслиги алоҳида таъкидланди. Зарурат туғилганда, қоидабузарларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиши маълум қилинди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!