Зеленский: Эрон уруши АҚШнинг Украинага ёрдамини заифлаштириши мумкин

Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ ва Исроил томонидан Эронга қарши олиб борилаётган узоқ муддатли ҳарбий ҳаракатлар Украинага кўрсатилаётган халқаро ёрдамни камайтириши мумкинлигидан хавотир билдирди. Бу ҳақда у 5 апрель куни Истанбулдаги ташрифи давомида Associated Press (AP) агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
“Биз тан олишимиз керакки, ҳозир биз (АҚШ учун) устувор йўналиш эмасмиз. Шу боис мен Эрондаги узоқ давом этаётган уруш Украинага ёрдамнинг камайишига олиб келиши мумкинлигидан қўрқаман”, — деди Зеленский.
Унинг таъкидлашича, Киев аввалдан Patriot ҳаво мудофаа тизимлари ва улар учун зарур ракета запасларини тўлиқ олмаган эди. Агар Эрон билан уруш яқин вақтда тугамаса, Украинага берилувчи ёрдам “кундан-кунга камайиб бориши” мумкин.
Шу билан бирга, Зеленский АҚШ томонидан Россия нефтига нисбатан санкциялар вақтинча юмшатилгани Москвага иқтисодий фойда келтирганини қайд этди: “Россия бундан қўшимча даромад оляпти, демак, улар учун бу фойдали”, — деди у.
Маълум қилинишича, АҚШ 11 апрелга қадар 12 мартгача кемаларга юкланган Россия нефти ва нефт маҳсулотлари савдосини санкциялардан вақтинча чиқарди. АҚШ молия вазири Скотт Бессентнинг айтишича, бу қарор президент Доналд Трамп томонидан жаҳон энергетика бозорини барқарор сақлаш ва нархларни оширмаслик мақсадида қабул қилинган.
Шу билан бирга, 11 март куни G7 давлатлари Эрон билан уруш фонида Россия нефтига нисбатан санкцияларни бекор қилмасликка келишиб олган.
1 апрел куни Financial Times нашри Доналд Трамп Европа давлатлари Ҳўрмуз бўғозини очишга ёрдам бермаса, Украинага қурол етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилганини маълум қилди. Шунингдек, Washington Post маълумотига кўра, Пентагон Украина учун мўлжалланган муҳим ҳарбий техникани Эрон билан урушга йўналтириш имкониятларини кўриб чиқмоқда.
28 февралдан буён АҚШ ва Исроил Эронга авиа зарбалар бериб келмоқда. Натижада Эроннинг олий раҳбари Али Хоминай ва бир қатор юқори лавозимли амалдорлар ҳалок бўлгани хабар қилинди.
Эрон эса жавоб тариқасида Форс кўрфази минтақасидаги қўшни давлатларга ракета ва дронлар билан зарбалар беришда давом этмоқда. Теҳрон таъкидлаганидек, бу ҳужумлар АҚШ ҳарбий базаларига қаратилган.
Шу билан бирга, Эрон ҳужумлари нефть омборлари ва танкерларга ҳам таъсир кўрсатди. Озарбойжон ва Кипр ҳам зарбалардан жабр кўргани маълум қилинмоқда.
Бу ҳолатлар Украина учун халқаро ёрдамнинг самарадорлиги ва барқарорлиги нуқтаи назаридан муҳим таҳдид яратмоқда, шунингдек минтақавий хавфсизлик ва глобал энергетика бозоридаги ҳолатни мураккаблаштирмоқда.













