Трамп Хитойга ташрифи чоғида Ҳўрмуз бўғозини очиш бўйича аниқ натижага эришилмагани айтилмоқда

АҚШ президенти Доналд Трампнинг Хитойга ташрифи чоғида Ҳўрмуз бўғозини очиш масаласида аниқ натижага эришилмагани айтилмоқда. Bloomberg маълумотларига кўра, Эрон бўғоз устидан назоратни юмшатишга ҳозирча катта қизиқиш билдирмаяпти.
Эрон президенти Масъуд Пизишкиён мамлакати Ҳўрмуз бўғозида “самарали ва профессионал назорат механизмлари”ни жорий этишини маълум қилган. Бу эса уруш тугаган тақдирда ҳам Теҳрон ушбу стратегик йўлакдаги назоратни сақлаб қолмоқчи эканини кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, Хитой ташқи ишлар вазири Ван I Ҳўрмуз бўғози имкон қадар тезроқ очилиши кераклигини таъкидлади. Бироқ Пекин ва Вашингтон бу масалада ҳамфикрдек кўринса-да, амалда бўғоз ёпиқлигича қолмоқда.
Агентлик қайд этишича, Хитой АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳужумларини бир неча бор танқид қилган. Шу сабаб Трамп ва Си Жинпин учрашувида Яқин Шарқ бўйича умумий позиция кўрсатишга уриниш бўлган бўлса-да, томонлар моҳиятан турли қарашларда қолмоқда.
Кемаларга ҳужум қилиш таҳдидлари сабаб Ҳўрмуздаги ҳаракат яна кескин чекланган. Marinetraffic маълумотларига кўра, сўнгги бир суткада бўғоздан бор-йўғи бешта кема ўтган.













