Жазодан қутулиш учун 8 марта она бўлган аёл

Туркиянинг Самсун шаҳрида яшовчи 31 ёшли аёл бир неча бор содир этган ўғирлик жиноятлари ортидан ниҳоят қўлга олинди ва бу сафар жазодан қутулиб қололмади. Маълум қилинишича, у уй ўғирликлари билан боғлиқ қарийб 60 та жиноий иш бўйича айбдор деб топилиб, жами 65 йил 10 ойдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Манбаларга кўра, аёл аввалги ҳолатларда жазони кечиктириш учун ҳомиладорлик ёки чақалоғининг ёши кичиклигини асос қилиб келган. Туркия қонунчилигига кўра, 18 ойга тўлмаган боласи бор аёлларга жазони кечиктириш имконияти берилади. Айнан шу ҳуқуқий имтиёздан у бир неча бор фойдалангани тахмин қилинмоқда.
Маълумотларга кўра, айни пайтда аёл 8 нафар фарзанднинг онаси ҳисобланади. Унинг энг катта фарзанди 13 ёшда бўлса, энг кичиги 6 ойлик экани айтилмоқда.
Сўнгги жиноятда у 13 ёшли ўғли билан биргаликда уйдан тахминан 20 минг турк лираси ўғирлашда айбланган. Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан олиб борилган кузатувлар натижасида она-бола қўлга олинган.
Бу сафар суд унга нисбатан қатъий қарор чиқариб, қўшимча равишда ўғирлик ва уй дахлсизлигини бузиш моддалари бўйича 3 йил 9 ой 18 кунлик жазо тайинлади. Шу билан бирга, суд уни қамоқда қолдириш ҳақида қарор қабул қилди.
Мазкур воқеадан сўнг Самсундаги судья Туркия Адлия вазирлигига мурожаат қилиб, фарзанд сабаб жазони кечиктириш ҳуқуқини қайта кўриб чиқиш ва унга чекловлар киритиш бўйича қонунчиликка ўзгартиш киритишни таклиф қилган.













