“Қизимни сотсам, оиламни тўрт йил боқаман”— афғонистонлик ота

Афғонистоннинг Ғур вилоятида яшовчи бир эркак оиласини тирик сақлаб қолиш учун 7 ёшли қизини сотишга мажбур бўлаётганини айтди. Бу ҳақда BBC хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, Афғонистонда ҳозирда тахминан 4,7 миллион киши очарчилик хавфи остида яшамоқда. Ғур вилояти эса бу инқироздан энг қаттиқ жабр кўрган ҳудудлардан бири саналади.
Абдул Рашид Азимийнинг Роқия ва Роҳила исмли етти ёшли эгизак қизлари бор. Унинг айтишича, оиласидаги оғир иқтисодий аҳвол сабаб қизларидан бирини сотиш ҳақида ўйлашга мажбур бўлган.
Абдулнинг сўзларига кўра, у қизларини турмушга бериш ёки уй ишлари учун сотишга рози бўлган.

Қизларнинг онаси Кайхан эса оиланинг аҳволи ниҳоятда оғирлигини айтди.
Мақолада таъкидланишича, Афғонистонда ўғил болалар келажакда оиланинг боқувчиси сифатида қаралади. Шу сабабли иқтисодий қийинчиликка учраган айрим оилалар қиз фарзандларини сотишга ёки эрта турмушга беришга мажбур бўлмоқда.
“Толибон” томонидан аёллар таълими ва ишлашига қўйилган чекловлар бу муаммони янада кучайтирган.
Шунингдек, мамлакатда никоҳ пайтида қизнинг оиласига қалин пули бериш анъанаси ҳам сақланиб қолган. Абдул ва Кайханнинг ўсмир ёшдаги икки ўғли шаҳарда пойабзал тозалаш билан шуғулланса, яна бири чиқинди йиғиб юради.
Мақолада яна бир афғонистонлик эркак — Саид Аҳмаднинг қисмати ҳам келтирилган. У беш ёшли қизи Шайқани касаллик сабаб сотишга мажбур бўлганини айтган.
Маълум бўлишича, Шайқанинг операцияси муваффақиятли ўтган. Қиз 200 минг афғоний — (тахминан 3 200 доллар) сотилган ва ушбу маблағ даволаниш харажатларига сарфланган.
Саиднинг айтишича, қиз ҳозирча оиласи билан қолган, аммо беш йилдан кейин у қариндошининг ўғлига турмушга чиқиши учун уларнинг уйига кетиши керак бўлади.

Ҳозирда Афғонистонда вояга етмаган қизларни турмушга бериш ҳолатлари кенг тарқалган. “Толибон” ҳукумати томонидан қизлар таълимига қўйилган тақиқлар бу вазиятни янада оғирлаштирмоқда.
БМТ маълумотларига кўра, 2026 йилда Афғонистонга келаётган халқаро гуманитар ёрдам ҳажми ўтган йилга нисбатан 70 фоизга қисқарган. АҚШ ва бошқа йирик донор давлатлар ёрдамни кескин камайтиргани мамлакатдаги гуманитар инқирозни янада чуқурлаштирмоқда.













