Афғонистонда очлик сабаб оилалар қизларини сотишга мажбур бўлмоқда

Афғонистоннинг Ғур вилоятида иқтисодий инқироз ва очлик сабабли айрим оилалар оғир қарорлар қабул қилишга мажбур бўлаётгани хабар қилинмоқда. Бу ҳақда BBC нашри маълумот берди.
Маълумотларга кўра, мамлакатда қарийб 4,7 миллионга яқин аҳоли очарчилик хавфи остида яшамоқда. Ишсизликнинг юқорилиги ва халқаро ёрдамнинг камайиши эса вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.
Ҳудудларда кўплаб эркаклар иш излаб шаҳар марказларига чиқса-да, кўпчилик барқарор даромад топа олмаяпти. Натижада айрим оилалар яшаш учун қиз фарзандларини эрта турмушга бериш ёки оғир шароитда “сотиш” каби мажбурий қарорларга дуч келаётганини билдирмоқда.
Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, 7 ёшли эгизак қизлари бор бир эркак ҳам оиласини боқиш учун қизларидан бирини сотишга мажбур бўлиш эҳтимолини тилга олган. Унинг айтишича, бу қарор юракни эзса-да, бошқа имконият қолмаган.
Яна бир ҳолатда оғир касаллик сабаб операция харажатларини қоплай олмаган ота 5 ёшли қизини қариндошига сотишга мажбур бўлганини айтган. Унинг сўзларига кўра, агар моддий имконият бўлганида бундай қарор қабул қилинмас эди. Қизча 5 йилдан кейин 10 ёшга тўлади ва қариндошининг ўғилларидан бирига турмуш чиқишга мажбур бўлади.
Афғонистонда вояга етмаганлар никоҳи кенг тарқалган.
Мутахассислар Афғонистонда вояга етмаганлар никоҳи ва болалар ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар узоқ йиллардан бери жиддий ижтимоий муаммо бўлиб қолаётганини таъкидламоқда.













