Бўстонлиқда жанжал: ер можароси ортидан тортишув юзага келди (видео)

Бўстонлиқда жанжал: ер можароси ортидан тортишув юзага келди (видео)

Бўстонлиқ туманида содир бўлган навбатдаги можаро ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Тарқалган видеоларда бир гуруҳ шахслар ўртасида кескин тортишув юзага келгани акс этган. Бу ҳақида Қалампир нашри хабар берди.

Маълум бўлишича, низога сабаб бўлган масала — ер участкаси билан боғлиқ. Видеода кўринишича, тадбиркор 2024 йилда ўзига ажратилган 1,5 гектар ер майдони бошқа МЧЖга бериб юборилганини иддао қилмоқда. Унинг таъкидлашича, айнан шу компания ҳудудга спорт билан шуғулланувчи шахсларни олиб келган ва бу ҳолат келишмовчиликка сабаб бўлган.

Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси расмий муносабат билдириб, вазият тўлиқ назоратга олинганини маълум қилди. Қайд этилишича, жанжалда иштирок этган барча шахслар аниқланиб, уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ишлари бошланган.

Шунингдек, воқеа давомида ҳеч кимга жисмоний жароҳат етказилмагани қайд этилди. Ҳозирда эса низога сабаб бўлган кўчмас мулк ҳужжатларини ўрганиш, уларнинг қонунийлигини аниқлаш бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Видеода акс этган барча иштирокчиларга нисбатан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган бўлиб, якуний қарор қабул қилиш учун материаллар суд органларига юборилиши режалаштирилмоқда.

Мутасаддилар таъкидлашича, ушбу масала юзасидан қонун устуворлиги тўлиқ таъминланади ва жамоатчиликка қўшимча маълумотлар бериб борилади.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Charos
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.