Наманганда Халқаро гуллар фестивалига қизғин тайёргарлик бошланди

Наманганда Халқаро гуллар фестивалига қизғин тайёргарлик бошланди

Наманган шаҳрида 65-маротаба ўтказиладиган Халқаро гуллар фестивали олдидан кенг кўламли тайёргарлик ишлари жадал давом этмоқда. Тадбир муносабати билан шаҳар ва туманлар ҳудудларига қарийб 5 миллион туп мавсумий гуллар экилаётгани маълум қилинди.

Мисрнинг Sada al-Balad нашри маълумотларига кўра, Намангандаги ушбу анъанавий гуллар фестивали илк бор 1961 йил август ойида ташкил этилган. 2018 йилдан эътиборан у халқаро мақомга эга бўлиб, турли мамлакатлардан меҳмонлар ва иштирокчиларни қабул қилиб келмоқда.

Бу йилги фестиваль юбилей — 65-маротаба ўтказилади. Сўнгги йилларда ушбу тадбир нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро майдонда ҳам ўзига хос маданий бренд сифатида танилиб улгурган.

Маълумотларга кўра, жорий йилги фестиваль Гиннеснинг рекордлар китобига киритилиши эҳтимоли ҳам мавжуд. Ҳозирда бир ой давомида энг кўп гул экиш бўйича рекорд ўрнатиш устида ишлар олиб борилмоқда. Бу жараёнлар Гиннес вакиллари, жумладан Дубайдаги эксперт Канзи Дефрави томонидан халқаро талаблар асосида назорат қилинмоқда.

Халқаро гуллар фестивали 24 майдан 12 июлга қадар давом этади. Дастур доирасида гала-концертлар, дрон-шоулар, автопарадлар, очиқ осмон остида симфоник концертлар, мода ҳафталиги, турли кўргазмалар ҳамда туризм ва инвестицияга бағишланган халқаро форумлар ўтказилиши режалаштирилган.

Ташкилотчилар таъкидлашича, шаҳар кўчаларига экилаётган ранг-баранг гуллар Наманганга ташриф буюрадиган меҳмонларда унутилмас таассурот қолдириши кутилмоқда.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.