Бухорода кўп қаватли уйда ёнғин юз берди

Бухоро шаҳрида кўп қаватли уйлардан бирида содир бўлган ёнғин аҳоли орасида хавотир ва саросимани келтириб чиқарди. Ҳодиса 16 май куни Ширбудин маҳалласи ҳудудида кузатилган.
Гувоҳларнинг айтишича, олов бинонинг том қисмида пайдо бўлиб, қисқа вақт ичида қора тутун атрофни қоплаган. Ҳолатни кўрган аҳоли зудлик билан ҳовлига чиқишган.
Фуқаролар воқеани қўрқув билан эсга олишмоқда. Улар орасида болалар йиғиси, кексаларнинг саросима билан бир-бирини чақириши ва умумий ваҳима муҳити кузатилгани таъкидланмоқда. Қутқарувчилар етиб келгач, вазият бироз барқарорлашган.
Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, ёнғин ҳақидаги хабар соат 15:57 да «112» тизими орқали келиб тушган. Ёнғинга қарши тезкор чоралар кўрилган.
Қутқарув хизмати ходимлари қисқа вақт ичида ҳодиса жойига етиб келиб, ёнғинга қарши тезкор чоралар кўришган ҳамда аҳолини хавфсиз ҳудудга эвакуация қилишган. Ёнғин соат 17:25 да тўлиқ бартараф этилган.
Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида жабрланувчилар қайд этилмаган. Ҳозирда ёнғин сабаблари ва етказилган зарар миқдори бўйича ўрганиш ишлари давом этмоқда.













