Бибисора Ассубаева танқидчиларга кутилмаган кескин муносабат билдирди

Бибисора Ассубаева танқидчиларга кутилмаган кескин муносабат билдирди

22 ёшли қозоғистонлик шахматчи Бибисора Ассубаева ўзининг Telegram каналида аудитория кенгайиши билан боғлиқ мураккабликлар ҳамда ижтимоий тармоқлардаги босимлар ҳақида муносабат билдирди. Спортчининг айтишича, Номзодлар турниридан кейин обуначилар сони сезиларли даражада ошган ва бу канални аввалгидек “шахсий кундалик” тарзида юритишни анча қийинлаштирган.

Ассубаева ўз саҳифасида илиқ ва хотиржам муҳитни сақлаб қолиш мақсадида салбий фикр билдирувчиларни ҳеч қандай огоҳлантиришсиз блоклашини маълум қилди:

“Катта аудитория билан бирга доимо танқид ва негатив фикрлар ҳам пайдо бўлади. Фаолиятим давомида бундай ҳолатларга кўникиб кетганман, аммо айнан шу каналда қулай муҳитни сақлаб қолишни истайман. Шу сабабли менга нисбатан ёзилган ҳар қандай негатив муносабатни шунчаки блоклайман.

Шунингдек, қандай ҳаёт кечиришим, ким билан учрашишим, кимлар билан дўстлашишим ёки нима билан машғул бўлишим ҳақида сўралмаган маслаҳатлар бермаслигингизни қатъий сўрайман. Мен барчага ёқишга мажбур эмасман. Агар бирор нарса сизга маъқул келмаса, шунчаки обунани бекор қилганингиз яхшироқ”, — деди шахматчи.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ҳозирда спортчининг Telegram каналига 20 мингга яқин фойдаланувчи обуна бўлган. Бибисора Ассубаева шахматнинг блиц йўналиши бўйича уч карра жаҳон чемпиони ҳисобланади. У сўнгги марта 2025 йил якунида жаҳон чемпионлиги унвонини қўлга киритган. Кипрда бўлиб ўтган Номзодлар турнирида эса иккинчи ўринни эгаллади.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.