Озода Нурсаидова сунъий интеллект санъатни эгаллаётгани ҳақида кескин гапириб чиқди

Хонанда Озода Нурсаидова интервьюларидан бирида бугунги санъат ва мусиқа соҳасидаги ўзгаришлар ҳақида фикр билдирди. У айниқса сунъий интеллект технологиялари сабаб келажакда қўшиқчилик соҳаси кескин ўзгаришини таъкидлади.
Санъаткорнинг айтишича, яқин беш йил ичида одамлар сунъий интеллект орқали яратиладиган қўшиқларга кўникишга мажбур бўлади. Унинг фикрича, технологиялар ривожлангани сари қўшиқ айтишни билмайдиган инсонлар ҳам мусиқа яратишда давом этади.
Озода Нурсаидова бу ҳолат маълум вақт ўтгач тингловчиларни чарчатишини ҳам айтиб ўтди. “Шундан кейин одамлар ҳақиқий усталарни соғинади”, деган мазмундаги фикрларни билдирган хонанда санъатдаги профессионаллик қадри пасайиб бораётганини таъкидлади.
Хонанда, шунингдек, ҳозирги даврда микрофон ушлаб саҳнага чиқиш орқали осон даромад топишга интилиш кучайганини танқид қилди. Унинг фикрича, технологиялар кўплаб жараёнларни енгиллаштиргани сабаб айрим ижодкорлар жонли ижро ва ҳақиқий маҳоратдан узоқлашмоқда.













