«Бавария»ни «Майнц 05» қийнаб қўйди, Кейн мағлубиятдан қутқариб қолди

Бундеслиганинг 14-туридан ўрин олган навбатдаги қизиқарли баҳс «Алянц Арена»да бўлиб ўтди. Венсан Компани бошчилигидаги «Бавария» ўз майдонида аутсайдер ҳисобланган «Майнц 05»ни қабул қилди, аммо кутилганидек осон ғалабага эриша олмади. Учрашув 2:2 ҳисобида дуранг билан якунланди.
Беллашувнинг 29-дақиқасида ёш футболчи Карл ҳисобни очиб, мюнхенлик мухлисларни қувонтирди. Бироқ биринчи тайм охирида «Бавария» ҳимоясидаги эътиборсизлик ўз сўзини айтди. 45+2-дақиқада Кацпер Потульский ҳисобни тенглаштирди ва меҳмонларга умид бағишлади.
Иккинчи бўлим бошлангач, «Майнц» яна бир бор ҳужумда омадли ҳаракат қилди. 67-дақиқада Ли Жэ Сон аниқ зарба билан камбэкни давом эттириб, ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди. Шу онларда «Бавария» мағлубият хавфи остида қолди.
Учрашув якунига яқин Харри Кейн жамоасини қутқариб қолди. 87-дақиқада инглиз тўпурар 11 метрлик жарима зарбасини аниқ амалга ошириб, ҳисобни тенглаштирди — 2:2. Бу гол мюнхенликларга муҳим бир очкони олиб қолиш имконини берди.
Бавария — Майнц 2:2
14 декабр, «Алянц Арена»
Голлар: Карл (29), Кейн (87, пеналти) — Потулски (45+2), Ли (67).
Бавария — Нойер, Станишич, Ито (Дэвис, 61), Ким (Жексон, 73), Бишоф (Лаймер, 61), Киммих, Горетцка (Павлович, 61), Олисе, Карл, Гнабри, Кейн.
Майнц — Бац, Мэлони, Белл, Потулски, Да Коста, Кавасаки (Норден, 62), Сано, Ли Чже Сон, Вератсшниг, Ҳоллербах (Вайпер, 78), Бовинг.
Огоҳлантиришлар: Да Коста (50), Лаймер (77), Дэвис (83), Потулски (85).
Шу тариқа, мағлубият нималигини билмаётган «Бавария» жорий турдан сўнг 38 очко билан турнир жадвалида пешқадамликни сақлаб қолди ва 2-ўриндаги «Лейпциг»ни 9 очкога ортда қолдирмоқда. «Майнц» эса 8 очко билан жадвалнинг энг қуйи поғонасида қолмоқда.
Қисқаси, «Бавария» ғалабалар сериясини давом эттира олмади, аммо Харри Кейннинг совуққонлиги жамоани кутилмаган мағлубиятдан асраб қолди. Бундеслигада эса кураш тобора қизиб бормоқда.













