ЎзФҲМ: «Қўқон-1912» — «Насаф» эпизоди очиқ муҳокамада кўрилади

ЎзФҲМ матбуот хизмати «Қўқон-1912» — «Насаф» учрашувида юзага келган баҳсли вазият юзасидан қўшимча тушунтириш берди.
Хабарга кўра, Суперлиганинг 6-тури доирасида ўтказилган мазкур ўйиндаги тортишувли эпизод бўйича аввал Эксперт ҳакамлар гуруҳи ўз хулосасини эълон қилган. Ташкилот таъкидлашича, футболдаги адолат ва яхлитликни таъминлаш мақсадида барча масъул идоралар билан ҳамкорлик доимий равишда давом этмоқда.
ЎзФҲМ очиқлик ва шаффофлик тамойилларига содиқ ҳолда ҳар бир тур якунидан сўнг баҳсли вазиятлар бўйича мунтазам таҳлилий хулосалар тақдим этиб келмоқда. Бу эса футбол жамоатчилигида ишончни оширишга қаратилгани таъкидланди.
Шу билан бирга, амалдаги FIFA ҳамда IFAB талабларига мувофиқ, VAR жараёнига оид ички аудиоёзувларни учинчи шахсларга бериш қатъиян тақиқлангани қайд этилди. Ушбу материаллар фақат ички хизмат ҳужжати сифатида фойдаланилади.
Бироқ очиқлик сиёсати доирасида ушбу вазиятни Ўзбекистон профессионал футбол лигаси ҳамда «Насаф» клуби вакиллари иштирокида ЎзФҲМда биргаликда кўриб чиқиш имконияти мавжуд экани айтилди. Бунда барча техник материаллар асосида эпизод тўлиқ таҳлил қилиниб, тушунтириш берилади.
Шунингдек, ташкилот томонидан ОАВ вакиллари учун ўтказиладиган семинарларда ҳам бундай ҳолатлар мунтазам муҳокама қилиниб келинаётгани таъкидланди. «Қўқон-1912» — «Насаф» учрашувидаги мазкур эпизод ҳам навбатдаги дебрифинг йиғилишида оммавий ахборот воситалари иштирокида таҳлил қилиниши режалаштирилган.
Футбол мутасаддиларига кўра, бундай ёндашув баҳсли вазиятларга аниқлик киритиш ва жамоатчилик ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.













