Александр Нюбел Бавария таркибида қолмайди

Бавария дарвозабони Александр Нюбелнинг клуб билан шартномаси 2030-йилга қадар мўлжалланган бўлса-да, унинг Мюнхен жамоасидаги келажаги сўроқ остида қолмоқда. Бавария спорт директори Кристоф Фройнд дарвозабоннинг клуб режаларига кирмаслигини ва у жамоани тарк этишини тасдиқлади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Ҳозирда ижара асосида ВфБ Штутгарт шарафини ҳимоя қилаётган 29 ёшли посбоннинг келажаги борасида клуб раҳбарияти аниқ қарорга келган. Фройнднинг сўзларига кўра, Мануэль Ноер ва Свен Улрайх билан шартномалар узайтирилгани ҳамда Жонас Урбигнинг жамоага жалб этилгани сабабли, Нюбел учун асосий таркибда жой йўқ.
Александр Нюбел 2020-йилда Шалке клубидан Бавария сафига келиб қўшилган эди. Бироқ, у Мюнхен клуби сафида бор-йўғи тўртта расмий ўйинда майдонга тушди. 2021-йилдан буён футболчи АС Монако ва ВфБ Штутгарт клубларида ижара асосида тўп суриб келмоқда.
ВфБ Штутгарт раҳбарияти дарвозабонни доимий асосда ўз сафига қўшиб олишни истаса-да, молиявий имкониятлар бунга йўл қўймаяпти. Шу боис, Германия терма жамоаси сафида учта ўйин ўтказган посбоннинг кейинги фаолияти қаерда давом этиши ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.













