Карло Анселотти Неймар масаласида якуний қарорга келмоқда

Карло Анселотти Неймар масаласида якуний қарорга келмоқда

Бразилия терма жамоаси бош мураббийи Карло Анселотти 2026-йилги жаҳон чемпионати учун таркибни эълон қилиш арафасида Неймар билан боғлиқ мураккаб қарорга дуч келди. Мамлакат тарихидаги энг яхши тўпурар бўлган 34 ёшли ҳужумчи узоқ давом этган жароҳатлардан сўнг майдонга қайтишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.

Анселотти Reuters агентлигига берган интервюсида Неймар нафақат ўзининг ноёб истеъдоди, балки жамоа ичидаги юқори обрўси туфайли ҳам муҳим фигура эканлигини таъкидлади. Мураббий футболчининг жисмоний ҳолати яхшиланаётганини қайд этган бўлса-да, унинг юқори интенсивликдаги ўйинларга тайёрлигини диққат билан кузатмоқда.

"Неймар жамоада жуда ҳурмат қилинади ва бу муҳим омил. Бироқ, мен таркибни шакллантиришда фақат профессионал мезонларга таянаман. Қарорим 100 фоиз футболчининг ҳозирги спорт формасига боғлиқ бўлади", — деди италиялик мутахассис.

Бразилия терма жамоаси устози ҳеч ким унга босим ўтказмаётганини ва якуний қарорни фақат ўзи қабул қилишини қўшимча қилди. Анселотти учун энг муҳими – жамоада соғлом муҳитни сақлаб қолиш ва олтинчи жаҳон чемпионлиги сари дадил қадам ташлашдир.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Nodirbek Razzokov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.