"Ливерпуль" Алонсо "Челси"га ўтганидан норози бўлди

"Ливерпуль" Алонсо "Челси"га ўтганидан норози бўлди

“Ливерпуль” раҳбарияти Хаби Алонсонинг “Челси” бош мураббийига айланиш қарорини оғир қабул қилгани айтилмоқда. Испаниялик мутахассиснинг Лондон клубини бошқаришга розилик бергани мерсисайдликлар томонида жиддий норозилик ва хафагарчилик уйғотган.

“The Telegraph” нашри маълумотига кўра, “Ливерпуль” Алонсони ҳали 2024 йил ёзидаёқ жамоага олиб келишни режалаштирган. Ўша пайтда Юрген Клопп клубни тарк этганидан кейин мерсисайдликлар янги даврни айнан собиқ футболчиси билан бошлашни истаган.

Бироқ Хаби Алонсо ўша вақтда “Ливерпуль” таклифини қабул қилмаган. У Англияга қайтишга шошилмаган ва кейинчалик “Реал”дан тушган таклифга розилик билдирган. Бу ҳолатнинг ўзиёқ “Ливерпуль” раҳбарлари учун ёқимли бўлмаган, аммо Алонсонинг энди “Челси”ни танлагани вазиятни янада оғирлаштирган.

Манбага кўра, “Ливерпуль” эгаси ҳисобланган FSG холдинги раҳбарлари ўтган ҳафта Алонсонинг “Челси” бош мураббийи бўлишга рози бўлганини эшитгач, қаттиқ хафа бўлган. Чунки клуб раҳбарияти испаниялик мутахассисни “Энфилд”га қайтиши мумкин бўлган асосий номзодлардан бири сифатида кўриб келган.

Алонсо учун “Ливерпуль” бегона клуб эмас. У 2004–2009 йиллар давомида мерсисайдликлар шарафини футболчи сифатида ҳимоя қилган. Шу даврда испаниялик ярим ҳимоячи мухлислар меҳрини қозонган, жамоанинг муҳим фигураларидан бирига айланган ва клуб тарихида яхши из қолдирган.

Шу боис унинг “Челси”ни танлаши “Ливерпуль” мухлислари ва раҳбарияти учун икки карра оғриқли кўринмоқда. Бир томонда собиқ футболчининг рақиб клубга бориши, иккинчи томонда эса аввал “Ливерпуль” таклифини рад этгани бор.

Хабарларга кўра, айнан шу вазиятдан кейин “Ливерпуль” Арне Слотни бош мураббий лавозимида сақлаб қолишга қарор қилган. Гарчи жамоа мавсумни кутилган даражада ўтказмаган бўлса-да, клуб раҳбарияти ҳозирча мураббий алмаштиришдан кўра, барқарорликни сақлашни маъқул кўрмоқда.

Бу қарор ортида амалий ҳисоб ҳам бор. Мураббийлар бозорида керакли номзод топиш осон эмас, айниқса, Алонсо каби вариант бошқа клубни танлаганидан кейин. Шу сабаб “Ливерпуль” мавжуд лойиҳани давом эттириш ва Слотга яна имконият бериш йўлини танлаган.

Қисқаси, Хаби Алонсонинг “Челси”га ўтиши Англия футболида катта акс-садо берди. “Ливерпуль” уни ўз уйига қайтаришни истаган, аммо испаниялик мутахассис бошқа йўлни танлади. Энди мерсисайдликлар учун энг тўғри жавоб битта — хафагарчиликни четга суриб, майдонда натижа билан жавоб бериш.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.