Ханси Флик Алессандро Бастони трансферига қарши чиқди

Барселона бош мураббийи Ханси Флик жамоанинг трансфер сиёсатига аралашиб, Интер ҳимоячиси Алессандро Бастони учун 70 миллион евро сарфлаш режасини тўхтатиб қўйди. Германиялик мутахассис италиялик футболчининг тезлик борасидаги камчиликлари унинг юқори ҳимоя чизиғида ўйнашига тўсқинлик қилишидан хавотирда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Ханси Флик Пау Кубарси билан бирга ҳаракат қиладиган ҳимоячи айнан тезкор бўлиши кераклигини таъкидламоқда. Мураббийнинг фикрича, иккала футболчи ҳам тўп билан яхши муомала қилса-да, уларнинг тезлик борасидаги муаммолари рақиб қарши ҳужумларида жамоани ҳимоясиз қолдириши мумкин.
Ушбу қарор спорт директори Деко учун кутилмаган ҳолат бўлди, чунки клуб узоқ вақтдан бери ушбу трансфер устида ишлаётган эди. Эндиликда Барселона раҳбарияти Ханси Фликнинг тактик талабларига мос келадиган, айниқса, тезкорлик хусусиятига эга бўлган бошқа марказий ҳимоячиларни излашга мажбур.
Ушбу вазият Барселонада трансферлар эндиликда мураббийнинг аниқ тактик талаблари асосида амалга оширилаётганини кўрсатади. Ханси Флик жамоа ҳимоясини янада мустаҳкамлаш ва юқори прессинг тизимига мос келадиган футболчиларни танлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.













