Пеп Гвардиола Манчестер Сити билан хайрлашмоқда

Пеп Гвардиола Манчестер Сити билан хайрлашмоқда

Пеп Гвардиола жорий мавсум якунида Манчестер Сити бош мураббийлиги лавозимини тарк этиши кутилмоқда. Даилй Маил нашрининг хабар беришича, испаниялик мутахассис клуб раҳбарияти ва ҳомийларни ўз қарори ҳақида огоҳлантириб бўлган. Гвардиоланинг амалдаги шартномаси 2027-йилга қадар мўлжалланган бўлса-да, у муддатидан аввал жамоани тарк этишга қарор қилган. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.

Клуб расмий баёнотни якшанба куни, Англия Премер-лигасининг сўнгги турида Астон Вилла жамоасига қарши ўйиндан сўнг эълон қилиши кутилмоқда. Гвардиола 2016-йилдан буён Манчестер Сити бошқарувида бўлиб, жамоа билан олти бор чемпионликка эришган ва 2023-йилда Чемпионлар лигаси бош совринини қўлга киритган.

Ҳозирда клуб раҳбарияти янги мураббий излаш ишларини бошлаб юборган. Асосий номзодлар сифатида Энзо Мареска ва Бавария устози Винсент Компани тилга олинмоқда. Мареска клуб тизимини яхши билиши билан устунликка эга бўлса, Компани футболчилик давридаги хизматлари туфайли мухлислар учун қадрли номзод ҳисобланади.

Гвардиоланинг келажаги борасида турли миш-мишлар тарқалмоқда. Мутахассис аввалроқ мураббийлик фаолиятида танаффус қилмоқчи эканлигини айтган бўлса-да, Италия терма жамоасини бошқариши мумкинлиги ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, Манчестер Сити учун янги давр бошланиши аниқ.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Nodirbek Razzokov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.