"Барселона" Силва ва Влаҳович трансферини режалаштирмоқда...

"Барселона" Силва ва Влаҳович трансферини режалаштирмоқда...

“Барселона” янги мавсум олдидан таркибни кучайтириш бўйича жиддий режалар тузмоқда. Каталония клуби ёзги трансфер ойнасида бир нечта муҳим харидларни амалга оширишни мақсад қилган.

Cadena Ser нашри маълумотига кўра, “Барселона” “Манчестер Сити” ярим ҳимоячиси Бернарду Силва ва “Ювентус” ҳужумчиси Душан Влаҳовични ўз сафига қўшиб олиш вариантини кўриб чиқмоқда. Ҳар икки футболчи ҳам Ҳанси Флик режаларида муҳим ўрин тутиши мумкин.

Мавсум якунида Роберт Левандовски “Барселона”ни тарк этиши маълум бўлганидан кейин клуб янги марказий ҳужумчи излашни бошлаган. Душан Влаҳович айнан полшалик тажрибали форварднинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган асосий номзодлардан бири сифатида қаралмоқда.

Сербиялик ҳужумчи жисмоний кучи, жарима майдончасидаги фаоллиги ва гол уриш қобилияти билан ажралиб туради. Шу сабаб у “Барселона” ҳужум чизиғига янги куч ва бошқача услуб олиб кириши мумкин.

Бернарду Силва эса каталонияликлар учун анчадан бери қизиқ номлардан бири ҳисобланади. Португалиялик ярим ҳимоячи тўп билан муомала қилиш, ўйинни назорат қилиш, вазият яратиш ва бир нечта позицияда ҳаракат қила олиши билан Флик услубига мос тушади.

“Барселона” жорий мавсумда Испания Ла Лигаси чемпионлигини қўлга киритди. Аммо клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби бу натижа билан чекланиб қолмоқчи эмас. Каталонияликлар кейинги мавсумда нафақат ички чемпионатда, балки Европа майдонида ҳам юқори мақсадлар учун курашишни режалаштирмоқда.

Қисқаси, “Барселона” чемпионликдан кейин янада кучайишга тайёрланмоқда. Левандовски кетса, Влаҳович унинг ўрнини босиши мумкин, Бернарду Силва эса ярим ҳимояга ақл ва техника қўшади. Каталонияда янги мавсум учун “апгрейд” режаси аллақачон ишга тушган.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.