Альваро Арбелоа Реал Мадридни тарк этмоқда: Моуриньо қайтиши кутилмоқда

Альваро Арбелоа Реал Мадридни тарк этмоқда: Моуриньо қайтиши кутилмоқда

Хосе Моуриньо Реал Мадридга қайтиши тобора ойдинлашмоқда. Жума куни клубнинг амалдаги бош мураббийи Альваро Арбелоа мавсум якунида жамоани тарк этишини расман эълон қилди. "Мен Реал Мадридни чексиз миннатдорчилик билан тарк этяпман. Футболчилар мени яхшироқ инсон бўлишга ундашди ва ҳар куни қувонч бағишлашди", — деди Арбелоа матбуот анжуманида. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.

43 ёшли собиқ захира жамоаси мураббийи январ ойи ўрталарида Хаби Алонсо кетганидан сўнг жамоани қабул қилиб олган эди. Бироқ у вазиятни ўнглай олмади ва Реал Мадрид 2025/26-йилги мавсумни совринсиз якунлади. Арбелоанинг шартномаси 2027-йилгача мўлжалланган бўлишига қарамай, томонлар ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилишди.

2010-2013-йиллар давомида Реал Мадридни муваффақиятли бошқарган Хосе Моуриньо энди жамоага янги куч бағишлаши кутилмоқда. Ҳафта бошида бир қатор нашрлар 63 ёшли португалиялик мутахассиснинг Лиссабоннинг Бенфика клубидан Мадридга ўтиши ҳал бўлгани ҳақида хабар беришди. Расмий тасдиқ кутилаётган бўлса-да, Моуриньо 3 миллион евролик товон пулини тўлаб, Бенфикани тарк этиши ва Мадрид билан икки йиллик шартнома имзолаши айтилмоқда.

Арбелоа бўлажак мураббий ҳақида шундай деди: "Моу ажойиб мураббийлар штабига эга, унинг атрофида профессионал инсонлар йиғилган. Агар у келса, ўз жамоаси билан келади ва бу тўғри қарор". Шу билан бирга, Арбелоа Моуриньонинг штабига қўшилмаслигини ҳам таъкидлади. Ҳозирда Реал Мадрид Испания чемпионатида пешқадам Барселона жамоасидан 11 очко ортда қолмоқда.

Клуб учун мавсум омадсиз кечди: Чемпионлар лигаси чорак финалида Бавария тўсиғидан ўта олмаган бўлса, Испания кубогида кутилмаганда Албасете жамоасига имкониятни бой берди. Майдон ташқарисида ҳам вазият барқарор эмас эди — хусусан, юлдуз ҳужумчи Килиан Мбаппе ва бошқа футболчилар Арбелоа билан очиқчасига зиддиятга боришган. Арбелоа 20 йил давомида клуб тизимида турли лавозимларда ишлаганини эслаб, келажакда яна қайтишига умид билдирди.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Nodirbek Razzokov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.