Жанубий Кореянинг ЛетинАР компанияси AI кўзойнаклари учун оптикани ривожлантирмоқда

Тасаввур қилинг, соатига 160 километр тезликда мотоцикл ҳайдаяпсиз ва йўлда айнан қаерга бурилиш кераклигини кўрсатувчи стрелка пайдо бўлди. Бунда телефон ёки бошқарув панели шарт эмас, бор-йўғи дубулғангиз ва тирноқдек келадиган линза кифоя. Бу шунчаки концепция эмас, балки жорий йилнинг ўзида Европа йўлларида пайдо бўлиши кутилаётган технологиядир. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Сўнгги йилларда йирик технология гигантлари ушбу соҳага катта сармоя киритмоқда. Meta 2023-йилдан буён AI функцияли Рай-Бан кўзойнакларини сотмоқда, Google Android ХР платформасини ишлаб чиқмоқда, Apple эса бозорга киришга тайёргарлик кўрмоқда. Samsung ҳам июль ойида Лондонда бўлиб ўтадиган Galaxy Унпаккед тадбирида Гентле Монстер билан ҳамкорликда яратилган илк AI кўзойнакларини намойиш этиши кутилмоқда.
Омдиа таҳлилчиларига кўра, AI кўзойнаклари етказиб бериш ҳажми 2025-йилда 8,7 миллион донани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 300 фоиздан ортиқ ўсиш қайд этди. Жорий йилда бу кўрсаткич 15 миллиондан ошиши прогноз қилинмоқда. Ушбу ўсиш фонида бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчилар ҳам фаоллашмоқда.
Жанубий Кореянинг ЛетинАР стартапи айнан шу йўналишда муҳим ўрин тутади. ЛГ Электроникс томонидан қўллаб-қувватланадиган компания яқинда 18,5 миллион доллар сармоя жалб қилди. ЛетинАР кўзойнакнинг ўзини эмас, балки тасвирни кўриш майдонига узатувчи ўта кичик оптик модулни ишлаб чиқаради. Айнан шу компонент кўзойнакнинг қулайлиги ва тасвир сифатини белгилаб беради.
Компания асосчилари Жаеҳеок Ким ва Жеонгҳун Ҳа фикрича, AI кўзойнаклари келажакнинг асосий платформасига айланади. Уларнинг мақсади — ҳозирги мавжуд технологиялардан ҳам юпқароқ, енгилроқ ва энергия тежамкор оптик модулларни яратиш орқали ақлли кўзойнаклар саноатидаги энг мураккаб муҳандислик муаммосини ҳал этишдир.













