Elon Muskнинг xAI компанияси генераторлар сабабли судга берилди

Elon Musk асос солган xAI компанияси Теннесси штатининг Мемфис шаҳри яқинидаги маълумотлар марказида атроф-муҳитни ифлослантирувчи генераторлардан фойдалангани сабабли муаммоларга дуч келди. Шунга қарамай, компания ушбу қурилмалардан яна кўпроқ сотиб олишни режалаштирмоқда. SpaceX компаниясининг ИПО учун тақдим этган ҳужжатларига кўра, xAI бўлинмаси келгуси уч йил ичида сунъий интеллект инфратузилмаси учун яна 2,8 миллиард долларлик турбиналар харид қилади. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Ушбу келишувнинг 2 миллиард доллари айнан ҳозирда судлашувга сабаб бўлаётган "мобил газ турбиналари" учун йўналтирилган. Ўтган ойда НААКП ташкилоти xAI устидан судга даъво киритиб, компанияни мамлакатнинг энг ифлосланган ҳудудларидан бирида ҳаво сифатини ёмонлаштирувчи ўнлаб тартибга солинмаган газ турбиналарини ишлатишда айблади. Ташкилот ушбу турбиналардан фойдаланишни тақиқлаш бўйича суд буйруғини талаб қилмоқда.
Ҳозирги кунга қадар xAI фақат 15 та турбина учун рухсатнома олган, бироқ бир неча ҳафта олдинги маълумотларга кўра, компания 46 та қурилмадан фойдаланмоқда. Ушбу турдаги ҳар бир турбина йилига 2000 тоннадан ортиқ НОх (азот оксиди) чиқариш имкониятига эга бўлиб, бу кимёвий моддалар астма касаллигини келтириб чиқарувчи смог ҳосил бўлишига ҳисса қўшади.
Компания ушбу турбиналар "мобил" бўлгани, яни ҳали ҳам етказиб берилган тиркамаларда тургани сабабли уларни бир йилгача рухсатномасиз ишлатиш мумкинлигини даъво қилмоқда. xAI штат ва федерал қонунлар ўртасидаги тафовутдан фойдаланишга уринаётган кўринади. Миссисипи штати мобил генераторлар учун рухсатнома шарт эмаслигини айтса-да, федерал қоидалар бундай ҳажмдаги турбиналар тиркамада бўлса ҳам ҳаво ифлосланиши қоидаларига бўйсунишини таъкидлайди.
Жорий йил бошида ЭПА (Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги) xAI турбиналарни федерал қонунларни бузган ҳолда ишлатаётгани ҳақида қарор чиқарди. SpaceX ўзининг ИПО ҳужжатларида ушбу хатарларни тан олган: "Биз ҳозирда маълумотлар марказимиз фаолиятини энергия билан таъминлашда сезиларли даражада табиий газ ва газ турбинаси технологиясига таянмоқдамиз. Суд тақиқлари ёки рухсатномаларнинг бекор қилиниши AI бизнесимизга салбий таъсир кўрсатиши мумкин".













