Москвада ижтимоий тўловлар учун ҳужжатларни рақамли узатиш тизими ишга тушди

Москвада Россия Ижтимоий жамғармасига (СФР) ҳужжатларни рақамли форматда узатиш тизими жорий этилди. Бу янгилик бир қатор ижтимоий хизматларни расмийлаштириш жараёнини сезиларли даражада тезлаштириш имконини беради. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ахборот технологиялари департаменти "Менинг ҳужжатларим" давлат хизматлари марказлари ва СФР ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни таъминловчи ахборот тизимини тест режимида ишга туширди. Ҳозирда ушбу тизим орқали олтита давлат хизмати, жумладан, бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига тўланадиган компенсациялар бўйича ҳужжат алмашиш мумкин.
Илгари барча ҳужжатлар курерлик хизмати орқали қоғоз кўринишида юборилган бўлса, эндиликда мутахассис ҳужжатларни сканерлаб, уларни бир зумда рақамли шаклда жамғармага юборади. Бу эса инсон омилини камайтиради ва вақтни тежайди.
Яқин келажакда тизимнинг функционаллигини кенгайтириш ва унга бошқа давлат муассасаларини ҳам улаш режалаштирилган. Москва аҳолиси рўйхатдан ўтган манзили ва яшаш жойидан қатъи назар, исталган "Менинг ҳужжатларим" марказига мурожаат қилишлари мумкин.













