Max Россияда Telegram ва WhatsAppни ортда қолдириб, етакчига айланди

Россия бозорида мессенжерлар ўртасидаги рақобатда кутилмаган ўзгариш юз берди. Max мессенжери илк бор кунлик ўртача аудитория бўйича Telegram ва WhatsApp'ни ортда қолдириб, мамлакатдаги энг оммабоп сервисга айланди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Апрел ойи якунларига кўра, 12 ёшдан юқори бўлган 68 миллионга яқин фойдаланувчи ҳар куни Max хизматидан фойдаланган. Бу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 10,6 фоизга ўсганини англатади. Шу билан бирга, Telegram кунлик 50,3 миллион фойдаланувчи билан иккинчи ўринга тушиб кетди ва бир ой ичида ўз аудиториясининг қарийб 30 фоизини йўқотди.
WhatsApp мессенжери эса 29,8 миллион фойдаланувчи билан учинчи поғонани эгаллади. Бироқ, ойлик умумий қамров бўйича Telegram ҳали ҳам етакчиликни сақлаб турибди (88 миллион фойдаланувчи). Max (85,4 миллион) ва WhatsApp (71,7 миллион) кейинги ўринларда бормоқда.
Max компаниясининг ўз маълумотларига кўра, Медиаскопе статистикаси ҳисобга олмаган фойдаланувчилар билан бирга, амалдаги кунлик аудитория аллақачон 85 миллион кишига етган. Ушбу ўсиш бошқа хорижий мессенжерларга нисбатан ўрнатилган чекловлар фонида юз бермоқда.
Шунга қарамай, Telegram Россияда реклама бозори учун асосий майдон бўлиб қолмоқда. Ҳозирда инфлюенс-маркетинг бозорининг қарийб 50 фоизи айнан ушбу платформа ҳиссасига тўғри келади.













