Хитойда 30 миллиондан ортиқ iPhone 17 фаоллаштирилди

Хитой бозорида iPhone 17 смартфонларининг сотуви нархлар пасайтирилганидан сўнг кескин ўсди. Digital Chat Station инсайдерининг маълумотларига кўра, ушбу сериядаги қурилмаларнинг умумий фаоллаштириш кўрсаткичи 30 миллион донадан ошиб кетди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Талабнинг бундай юқори бўлишига асосий сабаб iPhone 17 Pro линиясига берилган чегирмалар бўлди. Май ойи ўрталаридан бошлаб нархлар тахминан 1000 юан (145 доллар)га туширилди, бу эса харидорлар қизиқишини дарҳол ошириб юборди.
Чегирмалар эълон қилинган дастлабки кунлардаёқ Apple смартфонларига бўлган қизиқиш бир неча баробар ортди, қидирув сўровлари сони эса тахминан 7 баробарга кўпайди. Маълум қилинишича, фаоллаштирилган қурилмаларнинг деярли ярми iPhone 17 Pro Max моделига тўғри келмоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Digital Chat Station инсайдери аввалроқ Xiaomi 15 ва Xiaomi 15 Pro хусусиятларини, шунингдек, Dimensity 9400 процессори Snapdragon 8 Элите моделидан олдинроқ чиқишини аниқ башорат қилган эди.













